Кўзбўямачилик! Яккабоғда тантана билан очилган сузиш ҳавзаси орадан 4 ой ўтса ҳам ишга тушмади
2021 йилнинг декабрь ойида Яккабоғ туманидаги «Айғиркўл» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 1-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ёпиқ сузиш ҳавзаси тантанали очилганди. Яккабоғлик блогер Камил Фахрутдиновнинг «Nasafnews»га маълум қилишича, орадан 4 ой ўтган бўлса ҳам сузиш ҳавзаси ишламаяпти.
"Энг катта муаммо сув ҳавзаси ҳалигача газлаштирилмагани, вилоятдан иш «стаж»лар берилмагани, энг қизиғи сув ҳавзаси қурувчи ташкилотдан шу кунга кадар қабул қилиниб олинмагани маълум бўлди" , -дейди блогер.
Маълум бўлишича, ҳавза 2021 йилнинг 30 декабрь куни Яккабоғ тумани ҳокими Лутфиддин Абдуллаев бошчилигида тантана билан очилган. Аммоп ўз-ўзидан савол туғилади, ҳали ишлари тўлиқ якунланмаган ҳавзани очишдан мақсад нима эди? Бу борада Яккабоғ тумани спортни ривожлантириш бўлими бошлиғи Дилшод Боймуродов билан боғландик.
У яқин кунларда сув ҳавзаси ишга тушишини айтиб, ҳавза газга уланмаганини, иситиш тизими йўқлигини айтди.
Шундай бўлсада, савол очиқ қолмоқда. Яккабоғ тумани ҳокимлиги ишламайдиган сузиш ҳавзасида кўргазма учун очилиш маросими ўтказганми? Бундай кўзбўямачилик кимга яхши кўриниш учун қилинмоқда?