Қаршида 24 та дарахт кесиб ташланди
Ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳрида 24 та дарахтлар рухсатсиз кесиб ташлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу хабарларга Қашқадарё вилояти Экология бошқармаси муносабат билдирди.
Унда айтилишича, мазкур ҳолат Қарши шаҳар А.Навоий МФЙ Гулмачит кўчасида яшовчи фуқаро О.В. томонидан содир этилган бўлиб, фуқаро ноқонуний равишда ҳеч қандай рухсат олмасдан ўзбошимча тарзда 22 дона эльдор қарағайи ҳамда 2 дона терак дарахтларини кесган.
Ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 79 моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 3 млн жарима қўлланилди. Табиатга етказилган зарар миқдори 156 млн сўм ҳисобланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ўтказиш учун ҳужжатлар расмийлаштирилди, дейилади хабарда.