Бош саҳифа » ТАҲЛИЛИЙ » Қашқадарё бозорида ИИО ходимлари Ўзбекистон байроғи рангидаги тасма таққан йигитни қўлга олди

Қашқадарё бозорида ИИО ходимлари Ўзбекистон байроғи рангидаги тасма таққан йигитни қўлга олди

07 май 2023
4 827
ТАҲЛИЛИЙ / МАҲАЛЛИЙ

6-май куни ижтимоий тармоқларда Қамаши туманидаги бозорда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Ўзбекистон байроғи рангидаги "битирувчи" ёзуви бўлган тасма таққан йигитни қўлга олгани акс этган видео тарқалди.

Видеодаги ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Nasafnews.uz Қашқадарё вилояти ИИБ матбуот хизмати билан боғланди. Матбуот хизмати хабар қилишича, воқеа 2023 йил 5 май куни Қамаши тумани “Чим” деҳқон бозорида бир нафар фуқаро елкасига Ўзбекистон Республикаси байроғини тақиб юргани бозорда хизмат ўтаётган Қамаши тумани ИИБ ЖХХ ҲПБ ТП профилактика инспекторлари томонидан аниқланган. 

Бозорда фуқаро тўхтатилиб, Ўзбекисон Республикасининг “Давлат рамзлари тўғрисида”ги қонун талабларига кўра байроқни бундай олиб юриш мумкин эмаслигини уни ечиб қўйиб давлат рамзларига хурматсизлик қилмаслигини  тушунтирганида, фуқаро ИИБ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, қаршилик кўрсатган. Натижада белгиланган тартибда Қамаши туманида яшовчи фуқаро Р.И. билан профилактик суҳбат ўтказилган. 

«Ҳолат юзасидан фуқарога Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига кўра ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар қонуний тўхтамга келиш учун жиноят ишлари бўйича Қамаши туман судига юборилган.» дейилади ИИБ ахборот хизмати берган маълумотида.

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: