​Зоир Мирзаев ўтказган йиғилишда 2 та ташкилот раҳбари вазифасидан озод этилди

2295

Кеча Қарши шаҳридаги маданият ва аҳоли дам олиш марказида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими бошчилигида Қарши шаҳрида шу кунгача ўтказилган ўрганиш натижалари атрофлича муҳокама қилинди.

Йиғилишда айрим йўналишдаги ишлар аҳволи танқидий баҳоланди. Жумладан, ўрганишлар давомида санитария-гигиена талабига жавоб бермайдиган маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотиш, шаҳарсозлик нормасига мос бўлмаган қурилишларга рухсат бериш, ноқонуний, ўзбошимчалик билан қурилишларни амалга ошириш ҳолати аниқлангани айтиб ўтилди. Мутасаддиларнинг беэътиборлиги, ўз вазифасини тўлақонли бажармагани бунга асосий сабаб сифатида кўрсатилди.

Шуларни ҳисобга олиб, Қарши шаҳар давлат санитария-эпидемиология маркази бош шифокори О.Чўлиев, Қарши шаҳар қурилиш бўлими бошлиғи Ш.Бўронов эгаллаб турган вазифасидан озод этилди. Қолаверса, Қарши шаҳар ҳокимининг ўринбосари У.Авазов ҳам жиддий огоҳлантирилди ва унга ишни тўғри ташкил қилиш, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш учун 1 ой синов муддати берилди.
Бундан ташқари, Қарши шаҳрида ноқонуний савдо фаолияти олдини олишга лозим даражада эътибор қаратмагани учун Қарши шаҳар солиқ инспекцияси бошлиғи К.Қурбоновнинг ишда қолиш ё қолмаслик масаласини кўриб чиқиш вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғига топширилди.

Ўз ишига масъулиятсиз қарайдиган барча раҳбарларга нисбатан кескин чоралар кўрилиши билдирилди.

Қарши шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here