Бош саҳифа » ТАҲЛИЛИЙ » МИБ ноқонуний ҳаракати учун 355 миллион сўм тўлаб берадиган бўлди

МИБ ноқонуний ҳаракати учун 355 миллион сўм тўлаб берадиган бўлди

05 фев 2024
3 520
ТАҲЛИЛИЙ / МАҲАЛЛИЙ

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Қашқадарё вилоятидаги шўъбаси томонидан Қашқадарё вилояти Нишон туманида фаолият юритувчи “Самандар нур” фермер хўжалиги раҳбари А.Болтаевнинг мурожаати ўрганилди.

Аниқланишича, Мажбурий ижро бюроси Нишон тумани бўлими томонидан “Самандар нур” фермер хўжалигидан жами 35.053.979 сўм қарздорликни ундиришга оид 01.02.2022 йилдан 23.10.2022 йилга қадар 5 та ижро иши қўзғатиш тўғрисида қарорлар қабул қилинган.

Бироқ, давлат ижрочилари томонидан қарздор ижро иши қўзғатилганлиги тўғрисидаги қарорлар билан таништирилмаган ҳолда, гаровда турган ҳайдов трактори хатланиб, фермер хўжалигининг даласидан олдиндан огоҳлантирилмасдан аукционда сотиш учун олиб кетилган.

Фермер қарздорлик нотўғри ҳисобланганлигини, олдиндан бу ҳақида огоҳлантирилганда масалага ойдинлик киритиб, қарзини тўлаган бўлишини бир неча бор таъкидлашига қарамасдан давлат ижрочилари буларни эътиборсиз қолдирган.

Ваҳоланки, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасига кўра, давлат ижрочиси ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарорда ижро ҳужжатидаги талабларни ихтиёрий равишда бажариш учун ижро иши юритиш қўзғатилган кундан эътиборан кўпи билан ўн беш кун муддат белгилайди ва қарздорни мазкур муддат тугаганидан кейин ижро ҳужжатидаги талаблар ундан ижро йиғими, давлат ижрочиси томонидан қарздорга солинган жарималар, шунингдек ижро харажатлари ундирилган ҳолда мажбурий ижро этилиши тўғрисида хабардор қилади. Ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарор нусхаси у чиқарилган куннинг эртасидан кечиктирмай ундирувчига, қарздорга, шунингдек ҳужжати ижро этилиши лозим бўлган суд ёки бошқа органга юборилади.

Бундан ташқари, 35.053.979 сўмлик қарздорлик учун ундирув номутаносиб миқдордаги мулкка, яъни 977.500.000 сўм кредит маблағи сотиб олинган тракторга қаратилиб, олиб кетилган.

Бинобарин, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 60-моддасида, товарлар ишлаб чиқаришда, ишларни бажаришда ёки хизматлар кўрсатишда бевосита қатнашадиган мулкий ҳуқуқларга, кўчмас мулк объектларига, шунингдек хом ашё ва материаллар, дастгоҳлар, асбоб-ускуналар, ишлаб чиқаришда бевосита қатнашишга мўлжалланган бошқа асосий воситаларга нисбатан ундирув учинчи навбатда қаратилиши белгиланган.

Шунингдек, қарздорга Қонуннинг 47-моддасида назарда тутилган ундирув биринчи навбатда қаратилиши лозим бўлган мол-мулк турлари ёки ашёларни ўзи кўрсатиш ҳуқуқи берилмаган. Мурожаатда қайд этилган ҳолатлар бўйича давлат ижрочиларининг ҳаракатларида қонун бузилишлари мавжудлиги сабабли Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан Мажбурий ижро бюросига қонунчиликнинг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритилди.

Шунингдек, фермер хўжалигининг манфаатида Қарши туманлараро маъмурий судига давлат ижрочиларининг хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиш ҳамда тракторни чиқариб бериш мажбуриятини юклаш ҳақида киритилган ариза кўрилишида Вакил девонининг Қашқадарё вилоятидаги шўъбаси ходимлари қатнашиб, фермернинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши натижасида ариза қаноатлантирилди.

Натижада, 07.12.2022 йилда трактор хатловдан чиқарилиб, А.Болтаевга топширилди ва унинг бузилган ҳуқуқлари қисман тикланди. Нега қисман тикланди демоқдамиз – чунки трактор ноқонуний ушлаб турилган 49 кун давомида етказилган зарар масаласи очиқ қолмоқда эди. Шундан сўнг, фермер хўжалиги манфаатида жавобгар Мажбурий ижро бюроси Нишон тумани бўлимидан 355 млн сўм бой берилган фойда-зарарни ундириш тўғрисида Қарши туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритилди.

Бироқ, суднинг 07.04.2023 йилдаги қарори билан даъво асоссиз рад этилди. Мазкур суд қарорига нисбатан берилган апелляция шикояти ҳам 03.08.2023 йилда Қашқадарё вилояти суди томонидан қаноатлантирилмасдан қолдирилди.

Шундай бўлсада, ўзининг ҳақ-ҳуқуқларини тиклашни истаган фермер адолат истаб, Олий судга мурожаат қилди. Олий суд кассация инстанциясининг 30.11.2023 йилдаги қарори билан фермер хўжалиги манфаатида берилган кассация шикояти қисман қаноатлантирилиб, қуйи судларнинг асоссиз қарорлари бекор қилинди ва иш янгидан биринчи инстанция судида кўриш учун Қарши туманлараро иқтисодий судига юборилди.

Умид учқунлари яна пайдо бўлган фермер А.Болтаев Вакил девонининг Қашқадарё вилоятидаги шўъбаси ходимлари билан биргаликда суд мажлисларида иштирок қилиб, даъво талаблари асосли эканлигини исботлаб берди.

Яъни, трактор ноқонуний ушлаб турилган 49 кун (ҳар бир кунга 7 260 000 сўм бой берилган фойда) учун жами 355 млн сўм зарар етказилганлиги тузилган шартнома ва бошқа далиллар билан тўлиқ исботланди.

Бугун 05.02.2024 йилда Қарши туманлараро иқтисодий суди раиси Алибек Қодиров томонидан иш кўрилиб, фермер фойдасига Мажбурий ижро бюроси Нишон тумани бўлимидан 355 млн сўм ундириш тўғрисида адолатли қарор чиқарилди.

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: