Қашқадарёга четдан келтирилган зотдор сигирларнинг ҳар бири 30 литрдан сут бермоқда

266

Қашқадарё вилояти Муборак  туманидаги “Навбаҳор” кўп тармоқли фермер хўжалиги мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги, айниқса, фермерлик ҳаракатини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор, яратилаётган имконият ва имтиёзлардан унумли фойдаланиб, катта муваффақиятларга эришаётган хўжаликлардан ҳисобланади.

Aҳамиятлиси, фермер хўжалиги жорий йилда ҳам ғалла мавсумида катта натижага эришиб, хирмонимиз учун ўз ҳиссасини қўша олди.
Яъни 33 гектар ер майдони экилган ғалла ҳосилидан давлатга 96 тонна ғалла режасини ошиғи билан топширди.

-Бу йил деҳқонларимизга жуда баракали йил келди,- дейди фермер хўжалиги раҳбари Номоз Баҳромов.
Об-ҳавонинг яхши бўлгани ғалла ҳосилини ҳам мўл қилди. Қайси фермер билан суҳбатлашсангиз, ғалла режасини ошиғи билан бажаргани ва бундан хурсанд эканини таъкидлайди.

Даромад кўпайса, янги режаларни ҳаётга татбиқ этиш имконияти ҳам ортади.
Даромаддан унумли фойдаланиб бу режаларни амалга оширган қаҳрамонимиз ҳозирда чорвачилик соҳасини ҳам кенгайтирган.
Ўтган йили Германиядан келтирилган 33 бош сигирларнинг бу йилга келиб бузоқлагини ва зотдор молларнинг сони ортгани фикримизга исботдир.
Зотдор молларни олиб келишда Муборак туман халқ банкидан олинган кредит маблағлари  асқотган.
-Ўзимизда боқилган сигирлардан 4 ёки 5 литр сут олинса, Германиядан келтирилган зотдор сигирларимиздан ҳозирда 30 литр сут соғиб олинмоқда. Сигирларни олиб келишда банкдан 2 млрд сўм кредит олдик. Ҳозирда яна шунча маблағда кредит олиб зотдор сигирлар сонини кўпайтирмоқчимиз,- дейди Номоз ака.
“Навбаҳор” фермер хўжалиги нафақат чорвачилик балки боғдорчилик соҳасида ҳам фаолият олиб бормоқда. Ер майдонларида ташкил қилинган 80 сотих боғда бугунги кунда барча мевали дарахтлар парваришланмоқда.

-Ишнинг кўзини биладиган фермер бир қарич ердан ҳам самарали фойдаланади,- дейди Номоз ака кулиб. Меҳнат қилсангиз, барака топасиз, ҳурмат қозонасиз. Яхши натижаларга ҳам эришасиз. Биз бугун катта режаларни олдимизга қўйганмиз. Фермерлик соҳаси ривожи учун озгина бўлса ҳам ўз ҳисссамизни қўшишимиз керак.

Кўп йиллик тажрибага эга фермер Номоз Баҳромов билан суҳбатимиз қизиқ кечди-ю, лекин камтарлик белгисими ёки тортинчоқлик қаҳрамонимиз камерамиз объективидан ўзини олиб қочди ва қўшимча қилиб:

-Мени одамлар кўриши шарт эмас, мен қилган кичик ишимни эътироф этса шуни ўзи катта бахт,- деб кулиб қўйди.

Дилшод НАБИЕВ ТАЙЁРЛАДИ

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here