Санжар Қувватов: «Насаф»дан пул учун кетмадим

222

«Пахтакор» клуби янги мавсум учун бир қатор янги футболчиларни қўлга киритди. Жумладан, қашқадарёлик дарвозабон Санжар Қувватов ҳам бу йилдан бошлаб «Пахтакор» клубида фаолият олиб бормоқда. Катта футболга «Машъал» клубининг академияси орқали кириб келган, кейинчалик «Насаф»да тўп сурган Қувватов учун жорий мавсум фаолиятида олдинга қадам ташлаш бўлди десак муболаға бўлмайди. Қолаверса, у яқинда Ўзбекистон миллий терма жамоамиз сафида Осиё Кубоги мусобақасига бориб келди. Бир сўз билан айтганда, охирги йилларда Қувватовнинг ўйинида ўсиш кузатилаётганди. «Пахтакор»нинг унга таклиф билан чиққани ҳам аслида бежиз эмасди. Унинг янги клубидаги дебюти ҳам омадли чиқиб, Осиё Чемпионлар лигаси иккинчи саралаш босқичидаги «Эйр Форс»га қарши учрашувда «Пахтакор» дарвозасини муносиб ҳимоя қилди ва «Шерлар» 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Мазкур беллашувдан сўнг Санжар Қувватов «ФЭ» учун ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Пахтакор»га мени Ирисметов таклиф қилди»
– Ўтган йилги мавсум тугаганидан кейин менга «Пахтакор» клубидан Жаъфар ака Ирисметов қўнғироқ қилиб, «Пахтакор»да ўйнашга иштиёқинг борми, биз сен билан қизиқяпмиз деганди. Ҳаммага маълумки, «Пахтакор» Ўзбекистоннинг энг олди жамоаларидан бири ва шубҳасиз топ-клуб саналади. Табиийки, бундай жамоа таркибида тўп суриш футболчи учун шарафли. Мен Жаъфар акага шундай гапларни айтдим. Хуллас, «Пахтакор» томонидан тушган таклифдан сўнг мен ўзимизнинг мураббийимиз – Рўзиқул ака Бердиев билан гаплашдим. Агар «Пахтакор»да ўйнашга иштиёқинг кучли бўлса, майли бориб ўйнайвер деди. Биз эса ўзаро келишган ҳолда хайрлашишга қарор қилдик.

«Насаф»ни молиявий қийинчилик туфайли тарк этмадим»
– Агарда «Насаф»дан молиявий қийинчилик туфайли кетмоқчи бўлганимда бундан олдинроқ жамоани тарк этган бўлардим. Масалан, шундай бўлганида ўтган йили биринчи даврадан сўнг кетишим ҳам мумкин эди. Лекин мен жамоада қолиб ёрдам беришга қарор қилдим ва мавсум охиригача ўйнадим. Агар сизга яхши жамоадан таклиф тушса, албатта бунга интилиш керак. Чунки бир жойда тўхтаб қолсангиз ҳам бўлмайди. «Машъал»дан «Насаф»га ўтганимда ҳам фаолиятимда бир поғона кўтарилиш бўлганди. Чунки ҳамма яхши биладики, «Насаф» жуда ажойиб жамоа. Бунга у ерга келганимда ўзим ҳам иқрор бўлганман. Футболчилар жуда аҳил. Рўзиқул Бердиевнинг эса қандай мураббийлигини ҳамма яхши билиб олди. Ўтган йили клубдан ҳамма етакчилар кетган пайтда биз асосан ёш футболчилар билан қолиб кетдик. Лекин улар билан ишлаш ва ўйин савиясини ошириш ҳамма мураббийнинг ҳам қўлидан келавермайди. Чунки биз иккинчи гуруҳда биринчи ўринни олдик. Яна қайтараман: мен «Насаф»дан молиявий қийинчилик туфайли кетганим йўқ. Мураббий ва раҳбарлар билан маслаҳатлашдик ва улар билан ўзаро келишган ҳолда хайрлашдик. «Пахтакор» билан Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этиш ҳам ёқимли. Умуман олганда, ўзимни ушбу жамоада синаб кўришга қарор қилдим.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here