Bosh sahifa Mahalliy Қашқадарё вилоятидаги 1-сон асаб-руҳий касалликлар диспансери бош шифокори: «Ўша видеодаги ҳолатлар бизда...

Қашқадарё вилоятидаги 1-сон асаб-руҳий касалликлар диспансери бош шифокори: «Ўша видеодаги ҳолатлар бизда умуман йўқ деб бўлмайди»

265

«4 кишига мўлжалланган хоналарда 8 нафар бемор ётиб даволанмоқда». Қашқадарёдаги асаб-руҳий касалликлар шифохонасида беморлар учун жой танқис

Қашқадарё вилоятидаги 1-сон асаб-руҳий касалликлар диспансери 260 ўринга мўлжалланган бўлса-да, беморлар сони ҳаддан зиёд ортиб кетган. Шу боисдан ҳам 4 кишига мўлжалланган хоналарда 8 нафар бемор ётиб даволанмоқда.

 

Бундан аввалроқ «Дарё» нашрида қашқадарёлик журналистга вилоятдаги 1-сон асаб-руҳий касалликлар шифохонаси ходимлари томонидан куч ишлатилгани хусусида мақола чоп этилганди. Мақолада ушбу шифохонада тасвирга олингани тахмин қилинган видео ҳам тарқатилди. «Дарё» мухбири ушбу видоэга аниқлик киритиш мақсадида диспансерда бўлди.

Бош шифокор Ғайрат Муродовнинг маълумот беришича, шифохонада 7 та бўлим мавжуд бўлиб, диспансер 260 ўринга мўлжалланган. Аммо бугунги кунда диспансерда беморлар сони ҳаддан зиёд ортиб кетган.

Кузатувларимизга кўра, 3-бўлимда 4 кишига мўлжалланган хоналарда 8 киши ётиб даволанмоқда. Шу боисданми, коридорларда ётган беморларга ҳам кўзимиз тушди.

— Бундан 20 йил илгари вилоятда 600 ўринга мўлжаллаб ташкил этилган асаб-руҳий касалликлар шифохоналари ҳозир ҳам шундай аҳволда, ҳолбуки вилоятда ўтган 20 йил давомида аҳоли сони қанчалик ўсгани ўзингизга маълум, — дейди диспансер бош шифокори Ғайрат Муродов. — Бу муаммо биргина бизнинг вилоятимизда эмас, барча вилоятларда ҳам шу аҳвол. Шунинг учун ҳам масала Олий Мажлис Сенатида кўриб чиқилмоқда.

Интернетда тарқалган видеодаги ҳолатлар диспансернинг 3-бўлимидаги манзарага яқин бўлгани боис, бўлим бошлиғи Нурилла Араловни суҳбатга чорладик. Аммо бўлим бошлиғи видео шу бўлимдан олинган деган тахминни тамоман рад этди.

Интернетда шов-шувларга сабаб бўлаётган видеода айтилишича, бўлимнинг 60-70 нафар бемори аҳволи ачинарли ҳолатдаги ҳожатхонадан фойдаланади. Усти очиқ ҳовуздан сув ичади.

Кузатувларимиздан маълум бўлишича, худди шундай ҳожатхона ва усти очиқ ҳовуз 3-бўлимда жойлашган. Аҳволи қониқарсиз ҳожатхона ёнидан янги ҳожатхона қурилиши бошланганлигига қараганда, ушбу ҳолатлар бартараф этилиши мўлжалланган.

Маълум бўлишича, қашқадарёлик журналист дастлабки видеони тарқатгач вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Дониёр Турсунов, унинг ўринбосари ва вилоят прокуратураси вакили келиб шифохона ҳолатини ўрганган. Аммо ҳолат тасдиғини топмаган.

Ғайрат Муродов шифохона барча ОАВ вакиллари учун очиқ эканлиги, ҳолатни ўрганмоқчи бўлган ҳар бир журналистни шарт-шароитлар билан таништиришга тайёрлигини билдирмоқда.

— Тўғри, камчиликсиз жойнинг ўзи йўқ, камчилик бизда ҳам бор, — дейди Ғайрат Муродов. — Ўша видеодаги ҳолатлар бизда умуман йўқ деб бўлмайди. Шунинг учун ҳам ўша камчиликларни бартараф этиш ҳаракатидамиз.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here