Ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқолса, нима қилиш лозим?

134
Йўқотилган ёки ўғрилатилган ҳайдовчилик гувоҳномасини қандай тиклаш мумкинлигини ўрганиб чиқамиз. 
Демак, ҳайдовчилик гувоҳномаси дубликатини олиш учун қанча тўлаш керак ва бунинг учун имтиҳон топшириш шартми?
Албатта, гувоҳномани эҳтиёт қилган афзал, лекин бўлар иш бўлса-ю, гувоҳномани йўқотиб қўйсангиз, ижтимоий тармоқларда, масалан, Фейсбукдаги “Тошкент ҳайдовчилари” гуруҳида эълон бериш мумкин ­- балки кимдир топиб олгандир?
Барибир топилмади, дейлик. Бундай ҳолатда яшаш жойингизга хизмат кўрсатувчи Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси (ЙҲХБ)га боришга тўғри келади.
Йўқотилган ҳайдовчилик гувоҳномаси дубликатини бериш билан ДЙҲХХ минтақавий Рўйхатга олиш-имтиҳондан ўтказиш бўлими (МРИБ) шуғулланади.
Ҳайдовчилик гувоҳномасини тиклаш учун зарур ҳужжатлар
Ҳайдовчилик гувоҳномасини тиклаш учун МРИБга қуйидаги ҳужжатлар топширилади:
  • Ҳайдовчининг аризаси;
  • Имтиҳон варағи;
  • Саломатлик тўғрисида тиббий хулоса (083/х маълумотномаси);
  • Давлат божи тўлангани тўғрисида квитанция;
  • Имтиҳон варағи йўқолганида:автомактабдан маълумотнома ёки ДЙҲХХ МРИБдан имтиҳон топширилгани ҳақида маълумотнома.

Имтиҳон варағи автомактабда ўқиш якунланганида берилади ва ҳайдовчилик гувоҳномаси соҳибида сақланади. Агар имтиҳон варағи йўқолиб кетган бўлса, автомактабдан ўқиш якунлангани тўғрисидаги маълумотнома ёки минтақавий ЙҲХБ МРИБдан тасдиқнома талаб қилинади.

Имтиҳон топшириш шартми?
Йўқотилган гувоҳнома дубликати назарий ва амалий имтиҳонлар топширилганидан, шунингдек транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳайдовчилар гувоҳномалари картотекаси текширилганидан кейин берилади.
Агар гувоҳнома ўғриланган ёки ёнғинда, табиий офат оқибатида ё бошқа, енгиб бўлмас ҳолатлар оқибатида йўқотилган бўлса, имтиҳонлар топшириш шарт бўлмайди. Бунда ваколатли давлат идорлари (ички ишлар, ўт ўчириш хизмати, ФВВ ва ш.к)дан хулоса/маълумотнома тақдим этиш керак бўлади.
Ҳайдовчилик гувоҳномасини тиклаш қанчага тушади?
Ўғриланган ёки ёнғин/табиий офатда йўқотилган ҳайдовчилик гувоҳномасининг дубликатини олиш учун ЭКИҲнинг 0,7 баробари миқдорида (2019 йил сентябрь ойида – 156 100 сўм) тўлов тўланади.
Йўқотилган ҳайдовчилик гувоҳномасининг дубликати 1 ЭКИҲ – 223 000 сўмга тушади.
Гувоҳнома тиклаш учун вақт кетади. Бу вақт давомида ҳайдовчига бир ойлик муддатга вақтинчалик рухсатнома берилади.
Агар гувоҳномани тиклаш жараёни чўзилиб кетса, вақтинчалик рухсатнома яна 30 кунга узайтирилади.
Вақтинчалик рухсатнома ҳам йўқотиб қўйилса, унинг дубликатини олиш учун 5 ЭКИҲ тўлашга тўғри келади.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here