Таллимаржонда «авария». Бутун Ўзбекистон бўйлаб электр узилишлари рўй бериши айтилмоқда

834

Бугун, 8 ноябрь куни кундузги вақт 15:42 дан Ўзбекистон Республикаси электр энергияси тизимида кунлик ўртача меъёрнинг қарийб 10 фоизга тушиш ҳолати кузатилган. Бу мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида электр таъминотида чекловлар пайдо бўлганидан дарак беради, деб хабар берди «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати.

«Таллимаржон иссиқлик электр станцияси» корхонасининг 2-блогида фильтр носозлиги туфайли генерация жараёни фавқулотда таъмирлаш ишлари учун тўхтатилгани юқоридаги холатга сабабчи бўлган. Ушбу маълумотни «Иссиқлик электр станциялари» АЖнинг ахборот хизмати ҳам тасдиқлади ва Энергетика вазирлиги тизимидаги барча ахборот хизматларига маълум қилди.

Айни пайтда «Таллимаржон иссиқлик электр станцияси»да таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур генерация жараёнига масъул шахсларнинг билдиришича, бугун электр энергия тизимига меъёрий қувватни етказиб бериш тахминан кечки соат 24:00 дан сўнг тикланади.

Эслатилишича, электр энергияси «Иссиқлик электр станциялари» АЖ тасарруфидаги иссиқлик электр ҳамда гидроэлектр станциялар ишлаб чиқарилиб, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ тасарруфидаги юқори кучланишли магистрал тармоқлар орқали «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ тизимидаги подстанцияларга етказиб берилади.

Истеъмолга яроқли кучланишга айлантирилган электр энергияси «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ тасарруфидаги ҳудудий ташкилотлар орқали жисмоний ва юридик шахсларга етказиб берилади. Электр энергияни етказиб бериш мураккаб техник-муҳандислик жараён бўлиб, унда турли носозлик ва фавқулотда авариялар содир бўлиши мумкин. Айрим ҳолатларда электр энергияси тизимида яхлитликни сақлаб қолиш мақсадида, яъни йирик авария ва носозликларни олдини олиш учун диспечерлик марказидан электр таъминоти вақтинча тўхтатилиб турилиши, носозликлар бартараф этилгач, таъминот қайта уланиши мумкин.

«Таллимаржон иссиқлик электр станцияси»да юзага келган фавқулотдаги ҳолат учун истеъмолчилардан узр сўралган.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here