Чироқчидаги қўнғир айиқ 3 йил олдин ўлдирилгани аниқланди

158

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан ижтимоий тармоқларда “Чироқчи туман Бешчашма қишлоғида ИЖ русумидаги ов милтиғи билан Ўзбекистон Қизил китобига киритилган қўнғир айиқ отиб ўлдирилди” сарлавҳаси остидаги видео лавҳа юзасидан суриштирув ўтказилган.

Mаълум қилинишича, “Нуробод” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро Сайдулло Ботиров билан суҳбат ўтказилганда ҳолат 2016 йил май ойида содир бўлгани, фермер хўжалигида ишчилар ишлаётган вақтда номаълум айиқ келиб қолгани ҳамда укаси С.Tоғаевга ҳамла қилгани, унинг қорин қисмидан тишлаб судраб кетаётганида жабрланувчининг яқинлари томонидан қўнғир айиқ кетмон билан уриб ўлдирилгани аниқланган. Ёзиб берган тушунтириш хатида айиқни ишчилар уйига олиб кетгани, терисини шилиб ички ишлар бўлимига топширилгани баён қилинган.

“Ҳайвонот дунёсидан фойдаланиш тартибининг бузилиши сабабли етказилган зарар ҳажмини ҳисоблаш учун тўловлар” миқдори бўйича ёши, катталиги, оғирлиги ва жинсидан қатъий назар ҳар бир ҳайвон (калласи, териси, шохи ва бошқалар) учун жисмоний ва юридик шахслар учун энг кам ойлик иш ҳақига нисбатан 100 коеффициент миқдорида зарар ҳисобланиши белгиланган.

Юқорида баён этилган ҳолат юзасидан тўпланган маълумотлар Қашқадарё вилояти прокуратурасига тақдим этилган. Қўнғир айиқ ноқонуний тартибда ўлдирилган бўлса, айбдор шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда чора кўрилиши ва етказилган зарар ундирилиши белгиланган.

“Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган қўнғир айиқни овлаш тақиқланган ва у муҳофаза остига олинган. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдо қилиш конвенциясининг (CИTЕС) 1-иловасига киритилган”, — дейилади қўмита хабарида.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here