Ички ишлар вазири матбуот котиби: Чироқчи воқеалари, журналистлар учун брифинг ва профилактика инспекторларига ҳам бодикамералар берилиши ҳақида

739

Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги “Лангар” қишлоғида истиқомат қилувчи 32 ёшли эркакни мол ўғирлаганликда айблаб калтаклаган ва ўлдириб қўйганликда гумон қилинаётган Чироқчи Ички ишлар бўлими ходимларининг хатти-ҳаракати ижтимоий тармоқларда трендга чиқди.

Воқелик юзасидан Прокуратуранинг баёноти ва марҳум яқинларининг ОАВга берган интервьюлари зўравонларга чора кўришни тақазо этади.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар ва турли фикрларга аниқлик киритиш, журналист ҳамда блогерларнинг саволларига очиқ жавоб бериш мақсадида бугун Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан Қашқадарё вилоятида брифинг ўтказилди.

Брифинг ҳақида аввалроқ ҳам сайтимизда маълумот берган эдик.
Бироқ, брифингда ҳамма маълумотлар ҳам очиқланмади. Айбдорлар ҳақида аниқ маълумот берилмади ва бунга сабаб қилиб тергов ишлари давом этаётгани кўрсатилди.

“Nasafnews” мухбири брифингдан сўнг, Ички ишлар вазири матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовга айрим саволлар билан юзланди.

Брифингда ички ишлар ходимларининг фуқаролар билан мулоқотини назорат қилиш мақсадида бодикамералар жорий этилиш ҳақида ҳам айтиб ўтдингиз? Айтингчи, бу тизим қай тартибда амалга оширилади?

-Барча ички ишлар тизимидаги йўл-патрул хизмати инспекторларини бодикамералар билан таъминладик. Эндиликда иккинчи режа сифатида барча пост-патрул ва жамоат тартибини сақлаш ходимларини бодикамерлар билан таъминлашни режа қилиб турибмиз. Бу «хавфсиз шаҳар», «хавфсиз ҳудуд» концепцияси асосида, яқин келажакда амалга оширилади. Яъни барча фуқаролар билан ишлайдиган ходимларимизни бодикамералар орқали назорат қиламиз. Терговчилар ҳақида гапирадиган бўлсак, уларнинг ҳар бир тергов билан боғлиқ ҳаракати камера орқали амалга оширилади. Шунинг учун уларга бодикамера шарт эмас.

Айтингчи, ички ишлар ходими шундай зўравонлик қилиши мумкинми? Унга касб этикаси деган тушунча ётми? Зўравонларга вазирлик қандай чораларни кўради?

-Юқоридаги ҳолатни ачинарли деб ҳисоблайман.Ички ишлар органлари тизимида зўравонлик умуман йўқ қилиниши керак. Биз бунга барҳам бермасак, халқимиз ўртасида обрў-эътиборимиз бўлмайди.
Битта ходим номақбул ҳаракати билан Ички ишлар органлари ходими номига доғ туширса, шунча қилган меҳнатимиз бир тийин бўлиб қолади. Вазирлик томонидан ҳозирда ходимлар ўртасида назорат ўтказишга катта эътибор берилмоқда.

Шунингдек , вазир матбуот котиби 2019 йил давомида ИИВ тизимида хизмат интизомини бузган 7037 нафар ходимга чора кўрилгани, 133 нафари  жиноий жавобгарликка тортилганини ҳақида ҳам маълумот берган.

Дилшод Набиев ёзиб олди.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here