Коронавирус бўйича Ўзбекистондаги ҳолат маълум қилинди

1034
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан 2020 йилнинг 12 февраль куни олинган расмий маълумотларга кўра, Хитой Халқ Республикасида жами 59833 нафар, дунё бўйича 60276 нафар фуқаролар коронавирус инфекцияси билан касалланиб, кунлик ўсиш 34 фоизни (15103 нафар) ташкил этди. 1368 нафар фуқаро ушбу касалликдан вафот этди. Касаллик Хитой Халқ Республикасидан ташқари дунёдаги 25 та давлатда 443 нафар фуқарода қайд этилган.
Санитария–эпидемиологик осойишталик агентлиги вирусология лабораториясида жорий йилнинг январ ойидан бошлаб 13 февраль кунигача 837 та намуна коронавирус инфекциясига текширилди. Ушбу намуналарда коронавирус инфекцияси топилмади.
И.Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига жорий йилнинг 12 февраль куни хорижий давлатлардан 29 та самолёт қабул қилиниб, 3782 нафар фуқаролар, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ марказий санитария-эпидемиология хизматига қарашли 6 та санитария-карантин пунктидан 3 та поездда жами 585 нафар фуқаролар, Давлат чегара кесишиш пунктларидаги санитария-карантин пунктлари орқали 31583 нафар фуқаролар термометриядан ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг коронавирусга қарши марказий штаби шуни маълум қиладики, жорий йилнинг 13 февраль ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикасида коронавирус касаллиги қайд этилмади.

Коронавирус инфекциясининг мамлакатимиз ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган профилактик тадбирлар Санитария-эпидемиологик осойишталиги агентлиги томонидан назоратга олинган, дея маълум қилди Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги коронавирус инфекциясига қарши курашиш штаби.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here