Қарши шаҳар ҳокимлиги судда тадбиркор аёлга ютқазди

823

Юртимизда хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бироқ, айрим мутасадди ташкилотлар томонидан қонун бузилиш ҳолатлари учрамоқда.

ЎзАнинг ёзишича, “Фотима Зуҳра” МЧЖ (тадбиркорлик субъектининг номи ўзгартирилган) директори Ш.С.Комилова (фуқаронинг Ф.И.О ўзгартирилган) ёш бўлишига қарамасдан тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун ер майдони ажратиш тўғрисида 2019 йилда Қарши шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилган. Ҳокимнинг 2019 йил 18 октябрдаги қарори билан тадбиркор аёлга спорт комплекси қуриш учун ер ажратилган.

“Фотима Зуҳра” МЧЖда қурилиш ишларини амалга ошириш учун тегишли рухсатномалар олинган бир вақтда, 2020 йил 3 апрелда Қарши шаҳар ҳокимининг янги қарори билан эскиси бекор қилинган.

Ёш тадбиркор аёл ушбу ҳолатдан норози бўлиб, Бизнес-омбудсманнинг Қашқадарё вилоятида фаолият юритувчи ходимларига мурожаат қилган. Улар бу масалани ҳал қилишда тегишли меъёрий ҳужжатларни кўллашди.

Мисол учун, Президентимизнинг 2018 йил 1 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг 1-бандига кўра давлат органи (мансабдор шахс)нинг маъмурий ҳужжатини бекор қилиш ёки ўзгартириш масаласи, агар у инсофли инвестор ва тадбиркорлик субъектининг қонуний манфаатларига дахлдор бўлса, суд тартибида кўриб чиқилади.

Шунингдек, “Маъмурий тартиб таомиллар тўғрисида”ги қонунининг 59-моддасининг бешинчи қисмига кўра, манфаатдор шахснинг ишончи ҳимоя қилиниши лозим бўлган ҳолларда, маъмурий ҳужжатни бекор қилиш ёки ўзгартириш масаласи суд тартибида кўриб чиқилади.

Шу тариқа Бизнес-омбудсман ходимларининг судга киритган аризаси асосида Қарши шаҳар ҳокимининг “Фотима Зуҳра” МЧЖ манфаатида қабул қилган ноқонуний қарорини Муборак туман маъмурий суди ҳақиқий эмас деб топди.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here