Қашқадарёлик ўқитувчилар Қоракўл халқаро математика мактаби тажрибасини ўрганишни бошлади (фото)

367
Қашқадарё вилоятининг Косон туманида жойлашган умумий ўрта таълим мактабларининг математика фани ўқитувчилари куни кеча Бухоро вилоятининг Қоракўл туманига бориб, у ерда жойлашган халқаро математика мактаби ва акедемик лицей фаолияти билан танишди. Бу ҳақда «Nasafnews» мухбири хабар қилди.
Таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 30 сентябрь куни Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимда мазкур мактаб фаолияти ҳақида алоҳида тўхталганди.
«Бугун ушбу мактаб битирувчиларининг 95 фоиздан ортиғи олий ўқув юртларига ўқишга киряпти. Халқаро олимпиадалардан энг кўп медаль олиб келаётганлар ҳам айнан шу мактабнинг ўқувчилари ҳисобланади. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан, ҳатто пойтахт Тошкентдан ҳам одамлар ўз фарзандини Қоракўлга олиб бориб, ана шу мактабга ўқишга беряпти», – деб фикр билдирганди давлатимиз раҳбари.
Мазкур учрашувда Президент Қоракўл мактабининг тажрибасини вилоятларга ҳам жорий қилиш бўйича ўз тавсияларини бериб, мактабнинг ташкил этилишида ўз ҳиссасини қўшган фахрий устоз Тўхтамурод Жумаевнинг меҳнатини эътироф этганди.
Тажриба ўрганиш мақсадида борган косонлик ўқитувчилар мактаб жамоаси томонидан илиқ кутиб олинди. Дастлаб эришилган ютуқлар ва бу борада тинимсиз меҳнат қилган ўқитувчи ва ўқувчилар фаолияти ҳақида ҳикоя қилиб берилди. Шундан сўнг, мактаб ҳақида ишланган видеоролик намойиш этилди.
– Оддийликдан мукаммаллик сари интилаётган жамоанинг иш куни косонлик математиклар диққат билан кузатди,- дейди Косон тумани халқ таълими бўлими аниқ фанлар услубчиси Бахтиёр Ҳожиев.
– Натижага эришиш, фан олимпиадалари ва халқаро олимпиадаларда ғолиб бўлиш учун меҳнат қилган жамоанинг ютуқлари бизни қувонтирди. Айниқса,  мактаб ҳақида тайёрланган махсус видеоролик барча саволларимизга жавоб бўлди.
Шундан сўнг, мактаб ташкил этилишида салмоқли ҳисса қўшган устоз Тўхтамурод Жумаевнинг хонадонига йўқлаб борилди. Айтиш жоиз, устоз бу йил таълим-тарбия соҳасида эришган улкан ютуқлари ва ибратли фаолияти учун Президент Фармонига асосан давлатимизнинг юксак мукофоти – “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.
Устоздан ҳол-аҳвол сўраб, унга совға-саломлар улашилди.
Бухоро давлат университети қошидаги Қоракўл 3-сон академик лицейида ташкил қилинган музейда мулоқот ўтказилди.
Таълим даргоҳининг эришган ютуқлари борасида ўқитувчилар ҳамкасбларига маълумот берди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ
Косон туманида математика фанига ихтисослашган мактаб фаолияти йўлга қўйилиши, тумандаги Бунёдкор маҳалласи ҳудудида жойлашган собиқ Ахборот технологиялари коллежи математика фанига ихтисослашган мактабга айлантирилиши хабар берилганди.
«Энг билимли кадрлар тайёрланиб, уларни ўқитиш учун Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидан ўқитувчилар жалб этилади. Жараённи ташкил қилишда туман ҳокими Асрол Бойкараевнинг ўзи бош-қош бўлади»,- деб хабар берганди Косон тумани ҳокимлиги.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here