“Эгаси йўқ”. Нишон туманида жойлашган истироҳат боғининг аянчли манзаралари

384
Нишон тумани марказида «Истиқлол» номли истироҳат боғи жойлашган.
Боғда бир қарашда ҳаммаси жойида, бинойидек кўринади.
Аммо усти ялтироғ масканнинг ички қисми бироз қўрқинчли, аниқроғи хароба ҳолга келиб қолган.
500-600 метр нарида жойлашган боғ ҳудудида бор-йўғи 4 та «чалажон» аттракцион бор. У ҳам ишамайди. Синиқ, бузилган, аниқроғи бузиб олиб кетилган.
Чироқлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Бундай дилни хира қиладиган манзараларни кўриб, наҳотки бордан йўқ қилишга бизникилар уста бўлиб кетди, деган хаёлга боради киши…
Ҳа, бу боғнинг «эгаси йўқ». Туман ҳокимияти ва тегишли ташкилотлар йиллар давомида ушбу аянчли ҳолатга кўз юмиб келяпти шекилли.
Бу фикримизни рад этган Нишон туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Шохли Турсуновнинг маълумот беришича, боғда қурилиш ишлари бошланган. Аммо пандемия сабабли, маблағ ажратилмагани учун тўхтаб қолган экан.
-Боғ ҳудудида кўл қурганмиз. Кўл чала қолиб кетган, пандемия туфайли. Йўлакларни таъмирлашни бошлагандик, афсус,  бу ишлар ҳам охирига етмай қолди,- дейди Шохли Турсунов.

Маълумотга кўра, боғ ҳудуди 3 гектардан ошиқ майдонни ташкил қилади.
Қуришга маблағ етмас экан, боғни ободонлаштириш, ёввойи ўтлардан тозалашга нима тўсқинлик қилмоқда?
Бузуқ чиқорларни созлаш, синган ўриндиқларни тўғирлаш қанча маблағ талаб этади?
Бизнингча оддий бу ишларни бажариш учун маблағ эмас, ҳаракат керак.
Ҳа айтганча, бир янгиликни шу ўринда эътироф этмасак, адолатдан бўлмас! Мазкур ҳудудда яқинда 145 млн сўм маблағ ажратилиб, замонавий монитор ўрнатилибди. Ҳар қалай, шу монитор орқали боғдан баҳраманд бўлиб, ҳордиқ чиқариш имкони бор. Ҳозирча бошқа ўзгаришлар кўзга ташланмади.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here