Полшадан инвестор келди! “Четнинг ҳолваси деса ётиб ялайсизми?” (таксидаги гурунг)

590

-Қашқадарё зўр вилоятда. Бир борсанг оёғингни остига қўй сўйиб кутиб олишади.

Полшалик тадбиркор дўстига вилоят ҳақида гапирар экан, мўйловини силаб қўяди. Дўсти ҳам ҳар бир ноз-неъматларни эшитганда бир ютунади-қолади.
У эртагаёқ яхшироқ таклиф билан Қашқадарёга жўнайди.

Ҳокимларга ҳам осон эмас. Бир инвесторнинг кўнглини топгунча, шохликдан тушиб гадога айланади. Нима қилсин. Янгилик киритиши, туманини гуллаб-яшнатгиси келади у ҳам. Яна биз ҳар икки гапнинг бирида ҳоким ёмон, ҳоким бизга ёрдам бермайди, деб нолиймиз.

Хуллас воқеани бошидан сўзлай…

Шаҳрисабз томон бориш учун таксига ўтирдим. Йўловчилар гурунги иссиқда янада қизиди. Ўзини ҳокимият вакили сифатида таништирган бир йўловчи “еб тўймас” инвесторлар ҳақида гапира бошлади.

-Еҳ гапирса гап кўп. Хуллас туманимизга Полшадан инвестор келадиган бўлди. Уни кутиб олишнинг ўзи бир катта ҳашаматга айланади. Шаҳардан 5 ёки 6 киши бўлиб қарши олдик. Ҳоким топшириқ бергани учун энг ҳашаматли меҳмонхонага олиб бордик. Кечгача у билан суҳбатлашиб турган эдик, ўзи бизга спиртли ичимликлар борми деб сўраб қолса бўладими?
Меҳмон ҳурматини қилиш керак. Унга энг қиммат ичимликар катологини тақдим этдик.
Қойил, ичимликларни зўр фарқлар экан. Энг қимматларини танлаб олса бўладими?
Ҳа майли бир гап бўлар деб эрталаб 11 гача кутдик. Соат 11 да меҳмонхонадан чиқиб бизга бошим оғриябди деб туриб олса бўладими?

Буни қаранг, 10 шиша ароқни тугатасан-у, бошинг оғримайдими?

Шифокорга олиб бордик. Шифокор ҳам бир қанча тавсиялар берди.
Хуллас иккинчи кунимиз ҳам унинг кўнглига қараш билан ўтди.
3- кун инвестор билан туман марказига йўл олдик.
Йўлда анча хархаша қилар, узоқ экан, иссиқ экан деб баҳоналар билан хунобимизни чиқариб юборди.
Англадимки, бу инвестордан ҳеч қандай фойда йўқ. У фақат еб ичиб, кайф-сафо қилгани келган.
Ҳоким бувамиз инвесторни табассум билан кутиб олди ва тоғли ҳудудларимизга “маёбка”га олиб кетди.

Бир инвесторга 1 ҳафта вақт сарфаладик. Аммо унинг лойихасидан дарак йўқ.
Туманимизга нима янгилик олиб кирасиз, қандай корхона қурасиз, қанча одам иш билан таъминланади деб ҳоким бува савол бериб қолди?!

Таклиф йўқ. Шароитни ўрганяпман дейишдан нарига ўтмайди бу «еб тўймас инвесторча»…

Биз яна унга илтифот кўрсатишни бошладик. Базм уюштирдик. Туман имкониятлари билан таништирдик.
Яна у жим. Шароитни ўрганар эмиш.

Агар ўзимизни тадбиркорларга бир оғиз ширин сўз ва имконият яратиб берсак, бу қурғур полшаликнинг тушига кирмаган янгиликларни қилади.

Фақат биз буни хоҳламаймиз. «Четнинг ҳолваси деса ётиб ялаймиз.»

Такси ичида жон куйдириб гапириб кетаётган одамнинг сўзлари бироз ҳайратимни оширди.
Ҳудудларимизга инвестиция киритиш яхши. Аммо биз баъзида айрим инвесторларнинг ўй-хаёлини тўғри тушунмаймиз.
Унга шароит яратиб берамиз деб ҳаракат қиламиз-у унинг фикрларини англаб етмаймиз.

Ўзбекистон ривожланаётган мамлакатлар қаторига киради. Президентимиз жорий йилни бежизга “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб номламадилар. Биз фақат фаол, ҳалол инвесторларни жалб қилишимиз керак.

Меҳмондўстлигимиздан фойдаланиб, қимматли вақтимизни ўғирлаб устимиздан кулиб кетаётган бу каби ёлғончи “инвесторча”лар бизга нега керак?
Сизнинг фикрингиз?

Дилшод Набиев.

Муаллиф фикри таҳриррият нуқтаи-назарини ифода этмаслиги мумкин.

 

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here