«Nasafnews»га “арава қуруқ олиб қочилган” хат келди,Мактабгача таълим бошқармаси таъқиқ қўйди ёҳуд “зирҳланган хат”лар

528

Журналистларга берилган эркинлик йиллар давомида қатор соҳаларда “гапирилмаган” муаммоларни тўлиқ очиб бериш билан бирга асосий шиори холислик, ҳақиқат бўлган мавзулар бугун кўп қаламга олинмоқда. Аслида бу битта мавзу. Хуллас, айтаман деса сўз кўп, баҳслашаман деса мавзу. Энг асосийси бугун ҳақиқатда халқ дарди билан яшаётган қалам аҳли ёлғондан нафратланмоқда. Бу эса муҳим, жуда муҳим.

Сайтимиз орқали ёритилган айрим мавзулар соҳалар тизимидаги камчиликларни очиқчасига танқид остига олди. Айтиш мумкинки, асосли далиллар орқали қилинган танқидларга изоҳлар ҳам “шунга яраша” бўлди, албатта. (Очиғи, биз бундан ортиғини кутмагандик ҳам). Аммо, куни-кеча таҳририятимизга йўлланган жавоб хатининг мазмунида фақатгина  эскилик сарқитидан бошқа нарсани кўрмадик.

Бажарамиз, қиламиз, тушунтириш берилди,

ўрганиб чиқилди, чора кўрилди…

Лекин муаммога ечим топилдими? Мана шу саволга хатдан жавоб топа олмадик. Мисол учун, вилоят Халқ таълими бошқармасининг икки ойдан сўнг кечикиб келган жавоб хатида худди шу мазмундаги изоҳларни кўриш мумкин. Таҳририят жорий йилнинг март-апрель ойларида айнан тизим билан боғлиқ камчиликлар келтириб ўтилган мақолаларни эълон қилиб, сўнг бу борада масъулларнинг фикрини ўрганиш учун ХТБ га хат йўллаган. Буни қарангки, 4.06.19 йил санаси билан яқиндагина келиб тушган жавоб хатида қуйидаги изоҳлар келтирилган.
…мазкур муаммолар вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари ҳузуридаги йиғилишда атрофлича муҳокама этилиб, тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди ва туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари мудирлари ҳамда таълим муассаса раҳбарларига кўрсатмалар берилди. Мақолада келтирилган далилларни ўрганиш, методик ва амалий ёрдам бериш туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудирлари зиммасига юклатилди.

Кўриб турганингиздек, ҳали-ҳамон эскича фикрлаш, масала моҳиятига юзаки қараш ва бир хилда такрорланувчи изоҳлар. Аниқроғи, таҳририят “шаблон” тарзида келтириб ўтилган хат мазмунидан тайинли жавоб топа олмади. Бошқарма бошлиғи Беҳзод Хонимқулович билан мулоқот жараёнида бу ҳақда сўраганимизда, у шундай деди: – Бизда афсуски, айнан ОАВ лар билан ишлаш учун мутахассис йўқ. Бунга ходим ўрни (штат) ажратилмаган. Шу боисдан йўлланган хатларга жавобни вилоят ҳокимлигининг матбуот хизматига юборамиз. Келгусида балки бошқарманинг ўзига ҳам матбуот котиби лавозими берилса, бу ишларни ўзимиз бажарармиз?

Қизиқ, мана “бинойидек” жавоб хати келди-ку. Ёки буни ҳам вилоят ҳокимлигининг матбуот хизмати ёзиб берганмикин? Бунинг устига наҳотки педагоглардан иборат жамоа ваколати доирасида қилинган ишлар бўйича “эга кесимини” жойига қўйиб бир энлик хат ёза олмаса? Тағинам кечикиб келган хат санасига кўра, бунда кўпроқ “айб” почта хизматида бўлса керак.

Яна “ёзилмаган қонунлар” бор шекилли…

Гап шундаки, Вилоят Мактабгача таълим бошқармаси ҳам “танқидлар ёмғири”дан четда қолгани йўқ. Айтиш мумкинки, бугун тизимда рўй бераётган ислоҳотларга гап йўқ. Ростдан ҳам, мактабгача таълим сўнгги икки йил ичида “қайта туғилгандек” бўлди ҳисоб. Аммо, ютуқлар билан бирга камчиликлар ҳам борки, бундан кўз юмиб бўлмайди. Энг муҳими, мазкур камчиликлар келажакда жиддий хатоларни келтириб чиқармаслиги учун бугун мавжуд бўлган муаммоларга тик қарай олиш керак.

Жумладан, МТБ да матбуот котиби борми ёки йўқ билмадиг-у, аммо бошқарма бошлиғи Асрор Алимардонов билан шахсан учрашганимизда у:-Аввало, бизга ҳали хат етиб келгани йўқ. (Яна почта айбдор бўлса керак) Кейин, сизлар кимнинг рухсати билан боғчалар фаолиятини ўрганаяпсизлар? Тушунмадим, ким сизларга рухсат берди? Ёдингизда бўлсин, қачон мен “рухсат” десамгина боғчаларимга кира оласизлар. Бўлмаса йўқ,-деб жавоб берди.

Афсуски, бу борада тегишли қонун ёки қонун ости ҳужжатлари борми, деган саволимизга ҳеч қандай изоҳ бера олмаган А. Алимардонов: -Сизларга қўнғироқ қилиб боғланишади, деб қўйди холос. Нима ҳам дердик, бу “Таълим-тарбия тизимидаги навбатдаги ёзилмаган қонун” шекилли?

Балки ҳалигача юборган хатимизга жавоб келмаганининг боиси ҳам шундадир? Яъни, биз “рухсат” этилмаган ҳудуддан танқидий мақола эълон қилганимиз учун бошқарма муаммо ечими қолиб, уни эълон қилган таҳририятга жавоб беришга “шошилмаётгандир”. Ким билсин, бу бизнинг фикримиз холос.

Замондан ортда қолаётган туман ҳокимликлари

Рости, айрим туман ҳокимликларининг масъулиятсиз, эътиборсизлигини кўриб хунобинг ошади. Дунёни сув босса тўпиғига чиқмайдиган, иши кўп, вақти йўқ “ўринбосарча”лар. Мавжуд вазиятни яширишга урингани эса жуда кулгили.

Хўш, ким экан дейсизми? Санасак, кимнидир айбдор қилган бўламизми. Йўқ, санаймиз. Қашқадарё вилоятининг Муборак, Чироқчи, Яккабоғ, Ғузор, Шаҳрисабз, Косон, Қамаши туман ҳокимликлари замондан анча ортда қолган. “Ҳали хат келмади, аввал ҳоким кўриши керак, девонхона олиб киради, билмадим хабарим йўқ, бу мени вазифам эмас, албатта аниқлаштирамиз, ўрганамиз, ечимини топамиз”. Бундай келишиб олманг, натижа кўрсатинг. Иш бошланг. Вазифангизни бажаринг. Қолаверса, ОАВга аравани қуруқ олиб қочилган жавоб хати йўллагунча, шу хатларни “зирҳлаб ташланг” Бир оз уялинг ҳам. Чунки, ўша жавоб хатларида инсонлар тақдири, уларнинг муаммолари, умид қилиб кутилган натижалар ётибди.

-Хуллас, ҳамма айб девонхонада! Чунки улар ишламайди, бизнинг ваколатимизга хатлар билан шуғулланиш кирмайди.

Ваколатингиз нима эканлигини журналист яхши билади. Лекин, сиз ўзингиз уни тўлиқ бажаряпсизми? Бу борада “қовун туширганлар” ҳам бўлган. Масалан, Муборак туман ҳокимининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Тўлқин Бўриев эскича фикрлайдиган, муаммоларга бефарқ қарашини қуйидаги изоҳи билан исботлаб берди.

-Мен “почтальон” эмасман. Бунинг устига сизсиз ҳам ташвишим етарли. Девонхона нима қилади, бу уларнинг иши.

Мақола чиқди. Ижтимоий тармоқларда кузатувчиларнинг кенг муҳокамаларига сабаб бўлди. Муҳокамалар ҳокимнинг ҳам қулоғига етиб борди. Масалани ёзган журналистни шахси, ким эканлиги, нега ёзганлиги билан қизиқиш эса “урф”га кирганлигини “критик” мавзуларга қўл ураётган соҳа ходимлари яхши билади. Ва уларни айнан мана шу масала қийнайди.

Шу ўринда ҳақли эътироз. Туман ҳокимликлари девонхона ходимлари хизмат ваколати ёки вазифаларини ким назорат қилади? Вилоят ҳокимлигининг матбуот хизмати балки буни очиқлаб берар? Ҳар ҳолда ечимини топишда қийналаётган айрим масалаларга ҳам ойдинлик киритилармиди? Балки, девонхоналар токи матбуот котиби лавозими тасдиқлангунига қадар бир амаллаб ўз “ишларини” бажариб туришар. Буям бир таклиф-да, нима дедингиз?

ИИБ ва Прокуратура учун жавоб хати “бир тийин”

Сансоларлик афсуски, ички ишлар тизимида ҳам кузатилаётганлиги ачинарли. Айнан Қашқадарё вилоят ИИБ (айниқса уларнинг туман бўлимлари) девонхонаси худди осмондан думалаб тушгандек муомала қилишади. Агар уларга бирор-бир масала юзасидан мурожаат қилиб, расмий хат юборсангиз изоҳ тугул, ўзингиз юборган хат ҳам “йўқолиб қолади”.

Масалан: 12.01.19 йилда “Истагимиз адолат! Ўзгаси эмас!” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Мақолада бир инсон тақдири кўтарилгани боис, масалага аниқлик киритиш учун Чироқчи туман ИИБ га хат юбордик. Жавоб хатининг келишини нақ икки ой кутгач, ноилож ўзимиз Чироқчи туман ИИБ нинг “тезкор девонхонаси”га сим қоқдик. Афсуски, ўзини туман ИИБ нинг “канцелярия ходими” деб таништирган киши (исми-шарифини айтишни истамади) хатнинг мазмуни, унинг қаердан ва нима мақсадда келганини билмаслигини айтди. Ҳамда 15 дақиқада бизга қайтиб қўнғироқ қилиб, масалага ойдинлик киритишини билдириб ўтди. Лекин, ўша 15 дақиқа “ҳалигача” етиб келгани йўқ. Мана сизга тезкорлик, мана сизга масъулият.

Биз бунга жавоб бера олмаймиз

Шаҳрисабз шаҳар ИИБ бошлиғи ўринбосари Садриддин Усмонов 11.01.19 йилда эълон қилинган мақола бўйича худди шу тахлит жавоб берган. Хизмат ваколати юзасидан эмас, шунчаки юборилган хатга қандай  мазмунда жавоб беришни билмаслигини айтган ўринбосар Қашқадарё вилоят ИИБ га бу ҳақда билдирмаслигимизни ҳам илтимос қилганини қандай тушуниш мумкин? Наҳотки, шундай катта ташкилотда матбуот хизмати тўғри йўлга қўйилмаган бўлса, ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмайсан киши.

Худди шундай вилоят прокуратурасига оддий англашилмовчилик юзасидан билдирилган фикрни аниқлаштириб бериш учун юборган хатимизга телефон қўнғироғи орқали тайинсиз жавоб олдик. “Улар юборган хатнинг мазмунини тушуниб бўлгач, албатта жавоб қайтаришар экан” Фақат англай олмадик, бу тартиб-қоидами ёки билимсизлик?

Замон ўзгараяпти, одамлар ўзгараяпти. Турмуш тарзимиз, одамларнинг дунёқараши ўзгараяпти. Лекин, нега юқори турувчи айрим ташкилотларнинг раҳбарлари ва ходимлари ислоҳотларга “эскича” кўз билан қарамоқда? Мавжуд муаммоларни яширишмоқда. Кўзбўямачилик қилишмоқда. Энг асосийси, ўзларига бўлган халқ ишончини йўқотишмоқда?

Сизнинг бир энлик турли важлар тўла хатингиз журналистга керак эмас. Журналистга мана шу хатлар орқали ҳақиқат юзага чиқиши керак.Ёзилди, чизилди, борилди, кўрилди, келишиб олинди, атрофлича муҳокама қилинди, чора-тадбирлар белгилаб олинди каби бир хил сўзларни ҳали кўп эшитсак керак. Балки, ўзгариш бўлиб қолар?

Муқаддас ИСМОИЛОВА,
Дилшод НАБИЕВ.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here