Туман ҳокими журналистнинг аудио ускунасидаги маълумотни ўчириб ташлашга ҳаракат қилди

357

«Nasafnews.uz» ахборот порталига жорий йилнинг 20 февраль куни йўлланган мурожаатларни ўрганиш мақсадида Қашқадарё вилоятининг чекка ҳудудларининг бирида сафарда бўлдик.
Фуқаро йўллаган мурожаати айни кунларда аҳамиятли ва долзарб эканлиги ва бу мурожаатда унинг тақдири ҳал бўлишини инобатга олиб тумандаги кўплаб ташкилотлар эшиги тагида сарғайдик.

Охирги манзилимиз туман ҳокимлиги бўлди.

Узоқ кутишдан сўнг, туман ҳокими билан учрашиш «бахтига муяссар» бўлдик.
Афсуски, биз «чучварани ҳом санабмиз». Туман ҳокими фуқаро йўллаган мурожаатни ўрганишимизга жиддий эътироз билдирди.
Унинг сўзларига кўра, ҳеч бир ОАВ ҳоким рухсатисиз  унинг туманидан ахборот тўплашга ҳақли эмас экан.
Шунингдек, «ҳоким жаноблари» аудио ускуналаримиздаги маълумотларни ўчириб ташлашга ҳам ҳаракат қилди.

Қонунчилик нима дейди?

Конституциямиз, «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги Қонун ҳар кимнинг ахборотни монеликсиз излаш, олиш, текшириш, тарқатиш, ундан фойдаланиш ва уни сақлаш ҳуқуқини кафолатлайди.

Сўнгги йилларда қабул қилинган «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги, «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги ва бошқа қонунларга мувофиқ, эркин ахборот олиш ҳам кафолатланган.

Шунингдек, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Ўзбекиcтон Республикаси қонунининг 5-моддасида «Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситалари эркин бўлиб, ўз фаолиятини ушбу қонунга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириши мумкин»- деб белгилаб берилган.

Демак, туман ҳокимининг юқоридаги хатти-ҳаракати билан бир эмас бир неча қонунларнинг айрим бандлари қўпол равишда бузилмоқда.

Фикрларингиз биз учун муҳим. Фуқаро манфаати (халқ розилигини олиш)устунми ёки ҳокимнинг хоҳиш-истаги?…

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here