Бош вазир ўринбосарлари раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ жойларга чиқиб, ўттиз иккита туманда ҳар бир йўналиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқишлари керак…

118

26 февраль куни Шавкат Мирзиёев ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ортда қолаётган ҳудудлар масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Ўтказилган йиғилишда давлатимиз раҳбари аксарият лойиҳалар инфратузилма қулай бўлган туманларга жойлаштирилиб, бошқа ҳудудлар эътибордан четда қолмаслиги кераклигини таъкидлади, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Юртимизда ўттиз иккита туманда саноатнинг улуши вилоят кўрсаткичининг 3 фоизига ҳам етмаслиги танқид қилиниб, ушбу туманларнинг географик жойлашуви, хомашё базаси, меҳнат ресурсларидан кенг фойдаланиш имкониятлари кўрсатиб ўтилган.

266 минг гектар ернинг унумдорлиги пасайиб, фойдаланишдан чиқиб кетгани қайд этилган. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлигига бу жойларда сув тежайдиган технологияларни жорий этиш ҳисобига қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилган.

Қўшни давлатлар билан чегарадош туманларнинг логистика, экспорт ва сервис салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича ҳам кўрсатмалар берилган.

Бундан ташқари, ижтимоий-иқтисодий ҳолати нисбатан орқада бўлган туманларда кооперация асосида кичик саноат зоналари ташкил этиб, уларда тўқимачилик, кўнчилик, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш бўйича лойиҳаларни жойлаштириш зарурлиги таъкидланган.

Аввало, Бош вазир ўринбосарлари раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ жойларга чиқиб, ўттиз иккита туманда ҳар бир йўналиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқишлари керак бўлади.

«Бу лойиҳалар аниқ бўлиши: нечта корхона ишга тушади, қанча инфратузилма қурилади, қанча аҳоли банд бўлади, деган ҳамма саволларга жавоб бўлиши керак», – деган Шавкат Мирзиёев.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here