Доллар нега ошяпти? Марказий банкнинг изоҳи

324

Сўнгги кунларда валюта курслари кескин ўзгаряпти. Марказий банк бу жараёнга расмий изоҳ берди.

Мутасаддиларга кўра, сўнгги ойларда айирбошлаш курси динамикаси қуйидаги омиллар таъсирида шаклланди.

Биринчидан, жаҳон иқтисодиётидаги хатарларнинг ортиши ва ташқи савдо муносабатларида ўзаро келишмовчиликларнинг кескинлашуви АҚШ, Хитой, Евроҳудуд ва бошқа мамлакатларда иқтисодий ўсиш суръатларининг пасайишига олиб келди.

Бу эса, Ўзбекистоннинг асосий савдо шериклари бўлган давлатлар (Хитой, Россия, Қозоғистон ва Корея Республикаси Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг қарийб ярмини эгаллаган – таҳририят) валюталари қадрсизланишининг кучайишига сабаб бўлмоқда. Ушбу мамлакатлардаги миллий валюталарнинг қадрсизланиш даражаси инфляция даражасидан юқорироқ бўлиб, бу ўз навбатида, сўм қадрининг реал маънода ошишига олиб келмоқда.

Иккинчидан, юқоридаги омиллар иқтисодиётдаги инвестицион ва кредитлаш фаоллигининг ошиши билан бир қаторда экспорт “нархининг кўтарилиши” ва импорт жозибадорлигининг ошиши кўринишида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи ва ички бозорларда нарх рақобатбардошлигининг пасайишига сабаб бўлмоқда.

Натижада, сўнгги йилларда ички валюта бозорида талабнинг барқарор ўсиши кузатилмоқда.

Хўш, вазиятни барқарорлаштириш учун Марказий банк қандай чора кўрди?

“Марказий банк ички валюта бозоридаги вазиятни диққат билан кузатишда давом этади ҳамда ташқи омиллар таъсирини камайтириш ва асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар мувозанатини таъминлаш мақсадида бозор механизмларидан фойдаланади”,- дейилади баёнотда.

Хусусан, Молия вазирлиги билан биргаликда экспансион кредитлаш ва фискал сиёсатини чеклаш орқали инфляция ва валюта курсига қўшимча босимни пасайтириш бўйича чоралар кўриб борилади.

Бу борадаги биринчи амалий чора курснинг кескин тебранишлари олдини олиш мақсадида ўрнатилган жорий алмашув курси тебраниш коридорининг бекор қилиниши бўлди.

Узоқ кутилган иккинчи чора эса, куни кеча амалга оширилди – 20 августдан бошлаб тижорат банклари томонидан нақд хорижий валютани сотиш йўлга қўйилди.

Бу чоралар қанчалик самарали бўлишини вақт кўрсатади.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here