Қашқадарёда товламачилар фуқаронинг ишқий муносабатда бўлган видеосини тарқатмаслик эвазига 500 АҚШ доллар сўради

1066

Фуқаро Ахмедова Раъно (исм фамилиялар ўзгартирилган) аввалдан ўзига таниш бўлган фуқаролар Акбаров Анвар ва Жабборов Бехрузлар билан ўзаро тил бириктириб, товламачилик қилиб мўмай пул топиш йўлини ўйлаб топишган.

Тузилган пухта режа асосида Ахмедова Раъно жорий йилнинг
17 август куни ўзига аввалдан таниш бўлган ва ҳеч нарсадан хабардор бўлмаган Ғузор туманида яшовчи фуқаро Хайруллаев Бахромни пинҳона учрашувга таклиф қилиб, у билан ишқий муносабатда бўлган. Бу ҳақда Ғузор туман прокуратураси хабар бермоқда.

Келишилган жойда бўлган фуқаролар Акбаров Анвар ва Жабборов Бехрузлар мазкур ҳолатни пинҳона видеотасвирга олишган ва бир неча кундан сўнг фуқаро Хайруллаев Бахромга қўнғироқ қилишиб, 500 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олиб келишини акс ҳолда ушбу видеотасвирни интернет тармоғига жойлаштириб, уни шарманда қилишини айтишган.

Фуқаро Хайруллаев Бахром ушбу ҳолат юзасидан қонуний муносабат билдиришни сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган.

Ўтказилган тезкор тадбир натижасида фуқаролар Акбаров Анвар ва Жабборов Бехрузлар видеотасвирни ўчириш ва интернет тармоғига жойлаштирмаслик эвазига Хайруллаев Бахромдан махсус ишлов берилган 500 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олаётган вақтда қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан жорий йилнинг 18 август куни айбдор шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси билан 2-қисми “в” банди билан (бир гуруҳ шахслар томонидан товламачилик жиноятини содир этиш) жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ Тергов бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here