Варганза – Ўзбекистоннинг биринчи агротуризм қишлоғи (фотожамланма)

273

Китоб туманининг Варганза қишлоғида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Қашқадарё вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда “Анор” халқаро агротуризм фестивали бўлиб ўтди.
“Анор” халқаро фестивали доирасида Варганзага биринчи агротуризм қишлоғи мақоми берилди. Фестивал тадбирлари  Варганза анорзорлари орасидаги байрамона безатилган дала шийпонида давом этди. Тадбирга 22 хорижий мамлакатдан меҳмонлар ташриф буюришди, улар куй-қўшиқлар ва қайноққина тандирдан узилган патир нонлар билан кутиб олинди.
Варганза маҳалла фуқаролар йиғини раисига агротуризм қишлоғининг рамзий калити топширилди.
Китоб шаҳрининг “Ризвонгул” фолклор жамоаси ижросидаги куй-қўшиқлар барчани рақсга чорлади. Фестивал тадбирлари доирасида ўтказилган кимошди савдоси айниқса қизғин тус олди. Шартга кўра, хорижий меҳмонлар шийпон билан туташган анорзорга кириб, анорлардан узиб чиқишди. Энг яхши пишган анор узган иштирокчилар варганзалик отахонлар томонидан аниқланди.
Танланган мева савдога қўйилганида Китоб тумани ҳокими Рустам Сагдуллаев ғолиб бўлди. Эътиборли томони шундаки, савдодан тушган маблағ Варганзада фестивал давомида туғилган биринчи чақалоққа ҳадя қилинадиган бўлди. Шундан сўнг Варганза анорини ким чиройли кесиб кўрсатишини аниқлашга йўналтирилган беллашув ўтказилди.
Буни қарангки, мазкур беллашувда италиялик меҳмоннинг қўли баланд келди ва унга Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг совғаси топширилди. Варганзада анорнинг пайдо бўлиши ҳақидаги ривоят асосида тайёрланган саҳна кўриниши ҳам меҳмонларни қизиқтириб қўйди. Эмишки, анор дастлаб Ҳазрати Башир ота томонидан Қорабулоқ булоғи яқинидаги Қизилқояда экилган. У кишидан паноҳ сўраб келган кишиларга Башир ота бир даста анор қаламчаларини берар ва экиш учун Варганза қишлоғидан жой кўрсатар экан. Ҳассаси билан Қашқадарёдан Варганзагача чизиқ тортиб, ариқ қазишни буюрган ва анор сизларнинг ризқ-рўзларингиз, уни кўпайтиринг, дея тавсия берган.
Хуллас, Варганзадаги бу халқаро тадбир мазмунли, қизиқарли, таассуротларга бой тарзда ўтди. Вилоят ҳокими Зафар Рўзиев варганзаликларни ушбу ажойиб байрам билан муборакбод этди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here