Қаршида тадбиркор тадбиркорнинг ерини ноқонуний тортиб олмоқчими? «Насаф Тревел» компанияси ва оддий тадбиркор ўртасидаги можаро қандай якун топади?

492
«Nasafnews»га мурожаат қилган тадбиркор Жўра Ҳамраев ўзига тегишли бўлган бинонинг бир қисмини «Насаф Тревел» компанияси раҳбарияти ноқонуний тортиб олгани ҳақида иддао қилмоқда. Шунингдек, у Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг ҳал қилув қарорида ҳамма ҳужжатлар тўлиқ ўрганилмаганлигини айтаяпти. Ҳўш, бу масалада тадбиркор Жўра Ҳамраевнинг эътирозлари қанчалик ўринли? Маълум бўлишича, жорий йилнинг 19-июлида Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро суди «Насаф Тревел» компаниясининг даъвосини кўриб чиқади ва жавобгарнинг қонуний ҳужжатлари билан танишишмайди. Тадбиркор Жўра Ҳамраев «Nasafnews» мухбири билан суҳбатда шундай дейди: – Қашқадарё вилоят ер тузиш ва кучмас мулк кадастри давлат корхонаси Қарши шаҳар филиали, Қарши шаҳар 2-сонли давлат нотариал идораси, Қарши шаҳар ҳокимлигига нисбатан «кадастр органидан берилган ерга ва мулкка бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисида»ги гувоҳномаларни ҳамда ҳадя шартномасини бир қисмини ҳақиқий эмас деб топиш бўйича суд ҳал қилувчи қарорни чиқарди. Лекин нега мени тингламади. Мен ҳам тадбиркорман. Икки қаватли бинони қургунимча анча маблағ сарфлаганман. Лекин бугун ҳеч қандай қонуний асосларсиз менинг савдо марказимнинг бир қисмини бузиб ташлашмоқчи.
-Суд ишни кўриб чиқишда даъвогар ҳақиқий  эмас деб топишни сўраган мулкка эгалик гувоҳномалари ҳамда ҳадя шартномаларини амалга оширилганига 15 йил муддат ўтган бўлиб, ушбу ҳолатга жавобгар киритган даъво муддатини қўллаш аризасини муҳокама этмади ва даъво муддатини қўлламади. Иш юзасидан Қарши шаҳар 2-сонли давлат нотариал идораси манфаатдор тараф ҳисоблансада унинг иштирокини таъминламасдан унинг фикрини эшитмасдан бизларни ҳам у билан юзлаштирмасдан туриб, ҳадя шартномасини бекор қилди.
 Иш ҳолатлари бўйича ҳам аниқ фактлар бўйича ҳам менга тегишли савдо дўкони биноси аслида 1994-йил 25-январда Х-80/1-сонли Қарши шаҳар ҳокимининг қарори асосида ташкил этилганлигини 30.06.2003-йилда Давлат рўйхатидан ўтказилганлигига суд баҳо бермади. Суд ишни кўришда Вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармаси томонидан 26.02.2018-йилда 1-02/63-сонли маълумотномасида менга тегишли бўлган ҳудудга «Насаф Тревел» компанияси нотўғри қурилиш қилаётганлиги тўғрисида огоҳлантирган. Аммо суд мажлисига Вилоят архетектура ва қурилиш бош бошқармасидан суд мажлисига вакил чақириб сўралмади. Суд ишни кўришда даъвогар даъво қилаётган ер майдонлари Қарши шаҳар ҳокимининг 2019-йил 12-мартдаги Х-688/З-сонли қарорига асосан менга савдо маиший хизмат кўрсатиш ва ошхона биноси қуриш учун ажратиб беришганлиги ва кадастр ҳужжатлари қайта рўйхатдан ўтказилганлигини ҳисобга олмади, – дейди Жўра Ҳамраев. Ўрганиш ишларимиз давомида шу нарса аниқ бўлдики, икки тадбиркор ўртасидаги бу масала анча чигаллашиб улгурган. Ҳар иккала тадбиркор ҳам ўзича ҳақ. Бу борада «Насаф Тревел» компанияси раҳбари Ўктам Хўжаяров билан ҳам боғландик:
-Ўзбекистонда қонун бор, қонунда белгиланган тартибда яна юқори органга мурожаат қилишлари мумкин. Вилоятда бўлган суд ҳам адолатли ўтказилди. 6 ой давомида шу масала кўрилган. Ер масаласига келадиган бўлсак, илгари компаниямизнинг омборхонасини ноқонуний олиб қўйишган. Биз судда айнан шу омборхонанинг жойини ўзимизга қайтариб олишда даъво аризаси киритганмиз. Тадбиркорнинг икки қаватли биносига келадиган бўлсак, мен унинг жойини бузиб ташлайдиган шахс эмасман. Қонунда бировга тегишли жойда қурилиш қилинса, у ўзининг ҳисобидан  бузади. Иккинчидан бинони Жўра Ҳамраев устидан шикоят аризаси тушгандан кейин қурилишни бошлаган. Бу аслида мумкин эмас.
-Менинг улар билан ишим  йўқ. Лекин ўзлари бизга шахсий ҳусуматда эканини исботлаб келяпти. Компаниямиз устидан бир неча бор ноқонуний деб аризалар ҳам ёзган. Бунга нима дейсиз? Биз сайёҳлик соҳасини ривожлантириш учун вилоятда қатор янгиликларни яратаяпмиз. Лекин ишимизни асоссиз ноқонуний дейишга уларга ким ҳуқуқ берди?
Яна бир маълумот: Жўра Ҳамраев шаҳар ҳокимининг қарорини сохта деб топган суд қарори бўйича Қарши шаҳар ҳокими Жамшид Фозиловга ҳам мурожаат этди. Ҳоким ер ҳуқуқи унда эканлиги, бу борада тегишли қонуний асос борлигини билдирган ва уни ҳимоя қилишга ваъда берган.
 Масала жиддий эканини инобатга олсак, бу муаммо билан тегишли мутасаддилар яна бир қизиқиб кўргани мақсадга мувофиқ. Ҳар қалай тадбиркорлик масаласи давлат сиёсатига кўтарилган бир пайтда янгилик қилиш истагида бўлган ҳеч бир тадбиркор жабр кўрмаслиги керак!

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here