Коллежлар негизида 10 та вилоятда 12 та техникум ташкил этилади

243

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасига кўра, 2020/21 ўқув йилидан бошлаб қишлоқ хўжалиги соҳасида олий таълим тизими билан интеграциялашган техникумлар фаолияти йўлга қўйилади. Уларнинг сони 12 та бўлиб, мамлакатнинг 10 вилоятида ташкил этилади. Бу ҳақда ҳуқуқий норматив ҳужжатлар муҳокамалари порталига жойлаштирилган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида маълум қилинди.

Бу каби техникумлар Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхандарё, Хоразм ва Тошкент вилоятларида ташкил этилади ва уларнинг сони 12 та бўлади. Togri.uzнинг қарор лойиҳасига таяниб ёзишича, мазкур техникумларнинг вазифаси этиб, қуйидагилар белгиланди:

қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2030 йилгача мўлжалланган стратегиясида соҳа ва унинг тармоқларида яқин истиқболда ва келажакда амалга ошириладиган вазифалар, жорий қилинадиган замонавий технологияларни ҳисобга олган ҳолда назарий билим ва амалий қўникмаларни пухта эгаллаган малакали ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш;

илғор хорижий тажриба ҳамда профессионал таълим тизими олдига қўйилаётган вазифалар асосида ўқувчиларни инновацион ва янгича фикрлашга йўналтирадиган замонавий педагогик ва ахборот технологиялардан самарали фойдаланган ҳолда сифат жиҳатдан янги таълим дастурларида ўқувчиларнинг мустақил изланишини таъминловчи механизмларни кенг жорий этиш;

қишлоқ хўжалиги ва унинг тармоқлари учун кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини яратиш, техникумлар ҳамда Тошкент давлат аграр университети ва унинг филиаллари ўртасида таълим дастурларининг узлуксизлиги ва изчиллигини таъминлаш;

қишлоқ хўжалиги соҳа ва тармоқлари учун касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда икки йилдан кам бўлмаган муддатда кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида давлат буюртмаси ҳамда тўлов контракт асосида ўқитиш;

ўқув-лаборатория базасини модернизациялаш, фан дастурларида қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, соҳа бўйича замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари, юқори унумли ва ресурстежамкор илғор технологиялар бўйича назарий билим, кўникма ва малакаларни шакллантириш;

хорижий илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларида профессор-ўқитувчилар ва илмий-педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва стажировкаларини ташкил этиш;

профессор-ўқитувчилар, илмий-тадқиқотчилар, иқтидорли ўқувчиларнинг инновацион технологияларни яратиш ҳамда жорий этиш борасидаги ташаббускорлиги ва моддий манфаатдорлигини ошириш, мулкчилик шаклидан қатъий назар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва логистикаси билан шуғуланувчи хўжалик юритувчи субъектларга ахборот-маслаҳат (extension) хизматларини кўрсатиш;

ўқувчиларнинг касбий лаёқат, кўникма ва малакаларини ривожлантириш ҳамда  илғор технологиялар асосида фаолият юритаётган хўжалик субъектларида уларнинг амалиётларини ташкил қилиш;

ўрта махсус профессионал таълим даражасида кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишлари билан интеграциялашган йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлаш;

фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг самарали интеграциялашувини таъминлаш;

ўқувчиларни ватанпарварлик ва фидойиликни шакллантирувчи миллий ўзликни англаш, халқнинг миллий маданий тарихий анъаналарига ҳурмат, ватан билан ғурурланиш руҳида тарбиялаш.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here