ҚАРШИ ТУМАНИДА ИТ ВА ЭШАК ГЎШТИНИ СОТГАНЛАР АНИҚЛАНДИ

123

“Қайда меҳр бозори айтинг, ҳаммасини сотиб оламан”… Хит қўшиқ… “айланаётган” қўшиқ. Ҳув ўша кўксингиздаги “бир парча эт”ни жизиллатган бўлса, мана бу воқеа, буткул баданингизга титроқ юргизиб, камига тишларингизни ҳам ғижирлатади.

Сўнгги пайтларда Водий томонларда эшак гўшти можароси роса “авжи”га чиқди. Ҳали бу воқеалар совуб улгурмаган пайтда Қашқадарё вилоятида бунданда аянчли ҳодиса – ит ва эшак гўшти сотилаётгани ҳолати овоза бўлди. Гарчи бу воқеадан кўпчилик хабардор бўлсада, биз батафсилроқ тўхталмоқчимиз ва мақсадимиз бундай қилмишлар жазосиз қолмаслигини англатиш холос.

Қарши туманилик Иззатила Саҳибовнинг ёши олтмишдан ошган. Беш нафар фарзанднинг отаси. Бироқ, олтмишгача уч марта суднинг қора курсисига ўтирган. Энг ёмони бундан хулоса чиқармаган, тўғри йўлга қайтмаган. Оқибати нима бўлди? Яна жиноят, яна жазо. Хуллас, ушбу фуқаро 2018 йилнинг 21 февраль куни Қарши шаҳар, Фурқат кўчаси ёнидаги қурилиши тугалланмаган бозор ҳудудида турли жонзотларнинг гўштини сотиб турганда қўлга олинган. Эътибор қаратамиз у турли ошхоналарга, жумладан Ш.Намозовга 24 килограмм сифатсиз ва истеъмолга яроқсиз, ҳидланган гўштни ҳамда 2,5 килограмм ёғ “чарви”ни жами 490.000 сўмга сотган. Ёнида эса яна 13,3 килограмм гўштларни сотиш мақсадида сақлаб келган. Қарши шаҳар Ветеринария бўлими ва вилоят ДСЭНМнинг хулосаларига кўра, бу гўшт ит ва бир туёқли ҳайвон (эшак, хачир)га “тегишли” бўлиб, инсон саломатлигига, ошқозон ичак, ошқозон ости бези, ўт пуфаги ва жигар тизимига салбий таъсир кўрсатиши маълум бўлди.

Воқеаларни И.Саҳибовни ўзидан эшитсак. Судда у бу фаолият билан 2017 йил декабрь ойидан буён шуғулланиб келганлигини айтади. Яъни қишлоқдошлари унга турли касалланган ва ўлган ҳар хил йирик ва майда шохли молларни келтириб берган. И.Саҳибов килограммига 15000 сўмдан ҳисоблаб олиб қолаверган. Албатта, бу гўштларни бир қисмини фарш қилиб, бир қисмини эса лаҳм ва шу туришича Қарши шаҳридаги чойхоналарга “ўтказиб” келган. Қарасаки, даромадли “соҳа”. Қараб турмай, шарта ўзи ҳам кўча-куйда ёки бозордаги эшак, итларни тутиб келиб сўйиб юбораверган. Қаршида “точка” бор. Мижозлар ҳам ёмон эмас. “Бу гўштларни унинг ўзи ёки оиласи емайди-ку… Нима фарқи бор ким ейиши билан, пул келса бўлди-да” – мана шу эди И.Саҳибовнинг ақидаси. Бироқ мана шундай ўлимтикларга қўшиб ўзининг ўлик виждонини ҳам сотиб юборганини билдимикан? Буни қўлига кишан тақилганда, қилмиши учун жазо тайинланганда англаб олди, пушаймонлик билдирди. Хулоса ўрнида айтадиганимиз, ҳеч кимни виждонидан айро қилмасин. Йўқса, у одам энг жирканч ишлардан ҳам тап тортмайди.
А.МУҲИДДИНОВ,Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди девонхона мудири, Б.МУСАЕВ,   журналист.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here