Ғузорда томоша: Сайловда энг кўп овоз тўплаган номзод депутат бўлмади. Округ раиси ҳокимиятни айбламоқда

1467

«Nasafnews»нинг телеграм манзилига 2019 йил 22 декабрда ўтказилган депутатлик сайловлари бўйича сайлов кодексининг айрим бандлари қўпол тарзда бузилгани юзасидан мурожаатлар келиб тушмоқда.
Улардан бири Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманидан юборилган.

Туманда тузилган 12-Бойгузар сайлов округи Адолат СДП дан кўрсатилган номзод Учқун Эшонқуловнинг таъкидлашича, унга берилган овозларни соҳталаштириш ҳолатлари кузатилган.

– Сайлов натижаларини қайд этиш бўйича тузилган байённомада ҳаммаси равшан ёзилган,- дейди  Учқун Эшонқулов. Энг кўп овозни мен тўпладим. Натижага кўра, халқимиз томонидан 2220 та овоз берилди. Мен билан кўрсатилган бошқа партия номзодлари орасида 13 фоиз овоз тўплаган номзодни депутат этиб сайлашди.Менинг номзодга эътирозим йўқ, лекин адолат қани? Ким турибди бу ўйинларнинг орқасида? Ҳокимиятми? Нега шаффофликка амал қилишмаяпти?
Депутатликка номзоди кўрсатилган Учқун Эшонқуловнинг энг кўп овоз тўплаганини сайлов натижалари бўйича тасдиқланган байённома ҳам исботлайди. “Nasafnews” мухбири байённоманинг ҳақиқий эканлиги бўйича 12-Бойгузар сайлов округи раиси Тоштемир Бойназаров билан боғланди.
-Ҳақиқатдан ҳам номзод Учқун Эшонқулов энг кўп овозни қўлга киритган эди. Буни комиссия аъзолари ҳам тасдиқлайди. Биз суратдаги байённомани туман ҳокимлигига юборганмиз. Қолганидан хабарим йўқ. Бу нарсага ҳокимият жавоб берсинда, мен ҳамма байённомаларни уларга жўнатганман.

Ана бўлмасам! Ҳокимиятнинг сайлов жараёнларига аралашишга, байённомаларни кўриб чиқишга ваколати бор эканми?
Тоштемир Бойназаровнинг айбловлари қанчалик ҳақиқатга яқин?

-Мен сайлов кодексини мактабларда тарғиб қилганман, сайлов қонунчилигидан хабарим бор,- деб қўшимча қилади округ раиси.

“Nasafnews” юқоридаги ҳолат бўйича туман ҳокимлигининг ахборот хизмати раҳбари Худойберди Йўлдошев билан боғланди.
Ахборот хизмати бу масала юзасидан тез орада маълумот беришини айтди.

– Мен ўзим туғилиб ўсган қишлоқ аҳолиси билан бир неча марта учрашдим, уларнинг муоммоларини ўргандим,- деб қўшимча қилади Учқун Эшонқулов. Депутат бўлсам бу муаммоларни ечишга жиддий киришиш ниятида эдим.
«Халқимизни рози қилиш керак» дея таъкидлаб амалда ҳам буни амалга ошириш йўлида тинимиз қайғураётган Муҳтарам Президентимизнинг ишончларини суистеъмол қилганлар уялмас эканми? Ҳокимият ўз ҳохишига кўра депутат тайинлаётган бир пайтда, бизни ҳам кимдир тинглайдими?

“Nasafnews” мухбири мақолани ёзиш давомида 12-Бойгузар сайлов округи раиси Тоштемир Бойназаров ўзи билдирган юқоридаги фикрларини рад этиб, байённомани туман ҳокимлигига эмас, марказий сайлов комиссиясига юборганини айтди. Сайлов қонунчилигини яхши билган раиснинг икки хил гапиришини қандай тушиниш мумкин?

Гулилайло Тугалова 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қарши туманидан депутатликка номзоди қўйилган, аммо кўп овоз тўпласада депутат этиб сайланмаган Фароғат Мирзаеванинг мурожаатини эълон қилган эдик. Бу ҳолат бўйича на вилоят марказий сайлов комиссияси муносабат билдирди на ҳокимлик бирор маълумот беришни ўзига эп кўрди
Прокуратура эса бир киши 10 кишига овоз берган ҳолати бўйича жиддий ўрганиш олиб боришини айтган эди. Натижа йўқ.
Демак биз вилоятдан эмас, Марказий сайлов комиссиясидан бу ҳолатларга изоҳ сўрашимиз керакка ўхшайди.

2 Izohlar

  1. NASAFNEWS (nnews.uz) сайтига “Ғузорда томоша: Сайловда энг кўп овоз тўплаган номзод депутат бўлмади. Округ раиси ҳокимиятни айбламоқда” мавзусида берилган масала юзасидан Ғузор тумани ҳокимлигининг муносабати.

    «Nasafnews»нинг телеграм манзилига “2019 йил 22 декабрда ўтказилган депутатлик сайловлари бўйича сайлов кодексининг айрим бандлари қўпол тарзда бузилганлиги ва берилган овозларни соҳталаштириш ҳолати юзасидан” туманда тузилган 12-Бойгузар сайлов округи Адолат СДПдан кўрсатилган номзод, Чақар маҳалласида яшовчи фуқаро Эшонқулов Учқун томонидан мурожаат қилинган.

    Мазкур ҳолат юзасидан туман ҳокимлиги қуйидагиларни маълум қилади.

    Ўзбекистон Республикасининг “Сайлов кодекси”да “Округ бўйича сайлов натижалари округ сайлов комиссиясининг мажлисида аниқланади ва баённомага киритилади. Баённома комиссия раиси ўринбосари, котиби ва бошқа аъзолари томонидан имзоланиб тегишли сайлов комиссиясига тақдим этилиши белгиланган.

    Мақолада кўрсатилганидек 12-Бойгузар сайлов округи раиси Тоштемир Бойназаров мухбир билан бўлган сухбатда ўзи дастлабки билдирган фикрларини рад этиб, байённомани туман ҳокимлигига эмас, марказий сайлов комиссиясига юборганини таъкидлаб ўтган.

    Сайловларни ташкил этиш ва моддий таъминлаш туман ҳокимлигига юклатилган. Туман ҳокимлигининг ташкилий-назорат гуруҳи томонидан юклатилган вазифалар ижроси юзасидан сайлов комиссияларига тегишли зарурий мебеллар, офис ва техника воситалари билан, канцелярия товарлари билан таъминланиши юзасидан тегишли тавсиялар бериб борилган.
    Ҳеч бир Қонунчиликда сайлов натижалари тўғрисидаги баённомалар сайлов комиссиялари томонидан туман ҳокимлигига топширилиши кўрсатилмаган.
    Туман ҳокимлиги вакиллари томонидан сайловга аралашиш ёки овозларни сохталаштириш жараёнларига аралашиш ҳолатларига йўл қўйилмаган.

    Сайлов жараёнларида саноқ пайтида иштирок этишга ваколат берилганлар доираси Сайлов Кодексида аниқ кўрсатиб ўтилган.
    Тегишли сайлов комиссияси округ сайлов комиссиялари томонидан келган баённомалари асосида овоз бериш якунлари бўйича қарор қабул қилади.
    Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг
    146-моддасида сайлов комиссиялари аъзолари томонидан сайлов хужжатларини қалбакилаштириш, сайлов ёки имзо варақаларига сохта ёзувлар киритиш, берилган овозларни атайлаб нотўғри ҳисоблаш учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

  2. G’uzor xokimligi oppog’ ekan larmii Guzor tuman xalqidan surash kerak surash kerak bu xol xamma saylov uchas kasida bulgan xokim deputat qilaman deb 1000$ suragan xam yana uyni yopish pelita olib pulini urniga deputtat qilgan ishon masayiz lar maxallarda surov utkaziylar

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here