«Ишни ҳал қилсангиз, 700 доллар бераман» Қашқадарёда корхона бошлиғи текширишни ёпиш учун ИИБ ходимига пора бераётиб ушланди

1728

6 январь куни Қашқадарё вилояти ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси «Оқработ» бекатидаги бўлинма бошлиғи, капитан О.Эшқулов Қарши транспорт прокурори номига билдирги билан мурожаат қилди.

У ўз мурожаатида шу куни соат 16:30ларда иш юритувидаги Қарши минтақавий темирйўл узели, Қарши алоқа ва ишорат корхонаси бошлиғи Норпўлат Тоштемиров ўзига нисбатан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётган ҳужжатларни унинг фойдасига ижобий ҳал қилиб беришини сўраб, бунинг эвазига 700 АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилаётганлигини билдирган ва қонуний чора кўришни сўраган.

Капитан О.Эшқулов ва фуқаро Н.Тоштемиров ўртасида бўлиб ўтган суҳбат жараёни тўлиқ ёзиб олинган.

6 январь куни ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Н.Тоштемиров пора сифатида таклиф қилган 700 АҚШ долларидан 500 долларини капитан О.Эшқуловнинг хизмат хонасида унга бераётган вақтда ашёвий далил билан ушланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қарши транспорт прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, дея маълум қилди ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here