Тунги мутолаа: Фаришталарни кўриш мумкинми?

238
Фаришталар Аллоҳ таолога сўзсиз бўйсунадиган, доимий ибодатда қоим бўлган махлуқлардир.
«Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар» [Таҳрим сураси, 6-оят].
Аллоҳ таоло уларни нурдан халқ этган бўлиб, уларни ейиш-ичиш, эркак-аёл ва ҳожат қилишдан пок қилиб яратган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фаришталар нурдан, жинлар оловнинг марижидан, одам эса сизларга васф этилган нарса (тупроқ) дан яратилди», деб айтдилар».
Улар биз тасаввур ҳам қила олмайдиган даражада кўп яратилган махлуқлар бўлиб, осмонлар уларнинг маконидир.
Уларнинг жуда ҳам улкан яратилганлари бўлиб, уларни васфи ақлларни лолу ҳайрон қилади.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Менга Аршни кўтариб турадиган фаришталардан бири ҳақида сўзлашга изн берилди. Дарҳақиқат, у фариштанинг қулоғи ва бўйни ўртаси етти юз йиллик йўл бор» (Абу Довуд).
Энди фаришталарни одамлар кўра олиш масаласига ўтамиз.
Уламолар инсонлар фаришталарни аслий нуроний суратида асло кўра олмаслиги, кўришса ҳам улар инсон шаклига киришсагина кўриш мумкинлигини баён қилишган.
«Ва улар билан ўзи орасида тўсиқ олганда, Биз унга Ўз руҳимизни юбордик. Бас, у унга бус-бутун одам бўлиб кўринди» [Марям сураси, 17-оят].
Фақатгина Набий соллаллоҳу алайҳи  васаллам имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Жаброил алайҳиссаломни аслий нуроний суратида олти юз қаноти ила кўргани ва Жаброил алайҳиссалом еру кўк орасини тўлдириб ўтирганини айтганлар.
Фаришталарни аввалги  ва кейинги умматлар кўришган. Бунга оятлар ва ҳадислар далилдир.
«Зариёт сураси» да Иброҳим алайҳиссалом олдига фаришталар келиб гаплашгани баён этилган.
Имом Бухорий Жаброил алайҳиссалом сочлари тим қора оппоқ кийинган суратда келиб қиёмат ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламдан сўрагани ҳақида ҳадис келтирган.
Шунингдек, имом Муслим ривоятида кўр, пес ва кал инсонлар имтиҳон қилинган ҳадисда ҳам фаришта улар олдига келиб гапиргани келтирилган.
Аммо ушбу оятлар ва ҳадисларда фаришталар инсон суратида кўринишгани келтирилган.
Яъни инсонлар фаришталарни аслий суратида кўра олмаслар.
Инсон фаришталарни аслий суратида кўра олиши мумкинлиги ҳақида бу умматдан бирон бир кимсадан эътимодли биронта ҳам хабар собит бўлмаган.
Фақатгина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгина кўра олганлар.
Аллоҳ таоло Бадр жангида мусулмонларга мадад ўлароқ фаришталар туширгани «Бақара сураси»да марҳамат этилган.
Саҳобалар розияллоҳу анҳум уларни одам суратида кўришганлиги саҳиҳ ҳадисларда келтирилган.
Эътибор қилайлик, улар фаришталарни аслий суратида эмас, одам суратида кўришган.
Баъзи инсонларнинг фаришталарни овозларини эшитгани ёки уларни нурли ҳолатда кўргани ҳақидаги иддаолари эса, кўпинча хаёлот ва шайтоний ваҳималар бўлади.
Шундай экан, осмондаги булутларни, уларни турли ҳолатларга кираётганини кўриб «фаришталарни кўрдим», дейишдан тийилайлик.
Фаришталарни аслий суратида кўриш фақатгина Набий соллаллоҳу алайҳи  васалламгагина берилган бахтдир. Бошқа ҳеч ким бунга лойиқликни даъво қилмаслиги лозим.
Шунингдек, бошқа оятларда кофирлар фаришталарни ўлаётган ёки азоб тушган ҳолатида кўра олишлари баён этилган.
Яъни фаришталарни аслий суратида иймонсизлар ўлаётгани ёки даҳшатли азобга дучор бўлишаётганида  кўрсатилади.
«Улар фаришталарни кўрадиган кунда, ҳа, ўша кунда жиноятчиларга хушхабар бўлмас» [Фурқон сураси, 22-оят].
Манба: azon.uz

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here