Қашқадарёда санъаткорлар ва ижодкорлар учун кўп қаватли арзон уйлар қурилади

288
Қарши шаҳридаги Маданият уйида вилоят ҳокими Зойир Мирзаев маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ходимлари билан учрашди.
Ҳокимлик ахборот хизматининг «Nasafnews»га маълум қилишича, вилоят раҳбари соҳа ривожида йўл қўйилаётган камчиликларга ҳам тўхталиб ўтди.
Қашқадарё вилоятида 124 та маданият муассасалари мавжуд бўлсада, аҳолининг маданий дам олиши учун шарт-шароитлар яратиш ишлари кўнгилдагидек эмаслиги, уларни театр, музей ва концертларга жалб этишда янгича ёндашув йўлга қўйилмаётганлиги таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, маданият ва истироҳат боғларидаги шарт-шароитлар танқид остига олинди.
– Истироҳат боғлари фаол дам олиш ва тинч зоналарга бўлиниши Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 17 августдаги 671-сонли қарорида белгилаб қўйилган. Бироқ, шу талабларга риоя этилган маданият ва истироҳат боғларини учратмадим. Мен доим айтаман, истироҳат боғларини обод қилинг, чироқ, тротуар ва боғини тайёр қилиб тадбиркорга беринг, тадбиркор ўз хоҳиши билан барча шароитларни яратади. Бунинг учун раҳбарларда тадбиркорлик ва ташаббускорлик етишмаяпти, – дейди Зойир Мирзаев.
 Шаҳар ва туман ҳокимликлари ва молия бошқармаси масъулларига “Халқ” ва “Намунали” унвонга эга бўлган бадиий жамоаларни зарур миқдорда саҳна либослари билан таъминлаш, маданият марказлари учун кинопроектор ускуналарини харид қилиш, чекка ва тоғли ҳудудларда маданий-маърифий тадбирлар, концерт дастурлари ўтказиш мақсадида шаҳар ва туманлар маданият бўлимларига “Дамас” автомашинаси ажратиш чоралари кўрилиши бўйича топшириқлар берилди.
Алоҳида айтиб ўтиш керак, Қарши шаҳар ҳокимлиги, вилоят қурилиш бошқармаси, Марказий банк бошқармасига Маданият ва санъат ходимларини уй-жой билан таъминлаш мақсадида ипотека кредити асосида кўп қаватли арзон уйлар қуриш учун жой ажратиб, лойиҳаларини ишлаб чиқиш вазифаси юкланди.
Уйлар эса “Ижодкорлар уйлари” деб аталиши, кейинчалик эса “Санъаткорлар ва ижодкорлар квартали” деб номланиши белгиланди.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here