Туман халқ таълими бўлими мудири 500 доллар пора билан қўлга тушди

466

2018-йилнинг июль ойида Фарғона вилоятига Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташриф буюрган эди. Ташриф доирасида бўлиб ўтган йиғилишда бувайдалик педагог, Бувайда педа­гогика коллежи дирек­тори Раҳима Қўрғонова туман­да чет тилларга ихтисослаштирилган махсус мактаб ташкил этишни таклиф қилганди. Бу таклиф маъқулланиб, Бувайда педагогика коллежи база­сида филология фанларига ихтисос­лаштирилган давлат умум­таълим мактаби ташкил этилди. Таълим муас­са­сасига Раҳима Қўрғонова­нинг ўзи вақтинча директор этиб тайинланди.

Мактаб Бувайда туман халқ таълими бўлими тасарруфида, қолаверса, филология фанларига ихтисослаштирилган. Демак, муассаса директори, ўқитув­чилари ҳам камида икки-уч тилни мукаммал билиши керак. Шу боис янги раҳбар қидирила бошланди.

Бундай қулай фурсатдан фойдаланиб, мўмай даромад орттиришни истаган Бувайда туман халқ таълими бўлими мудири Ш.Эргашев бўлимда услубчи бўлиб ишлаётган Н.Иномовага 500 АҚШ доллари миқдорида пул берса,унинг шу мактабга директор этиб тайинланишига ёрдам беришини айтади.

Ш.Эргашев бу таклифни айтган пайтда Жанубий Кореяга йўл олган эди. У Кореяда бўлиб турган вақтида ҳам телеграм тармоғи орқали хабар жўнатади.

Н.Иномова унга Тошкентдан жияни орқали пул бериб юборишини айтади. «Махсус ҳайдовчи» томонидан пулни олган Ш.Эргашев Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Фарғона вилояти Бувайда тумани бўлими ходимлари томонидан қўлга олинади.

Суд жараёнида Ш.Эргашев айбини бўйнига олмай, пулларни Н.Иномовага қарз сифатида берганини, қарз бераёт­ганда тумандаги 38-мактабда директорнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари бўлиб ишлаётган О.Ашурматов гувоҳ сифатида иштирок этганлигини айтиб ўтади.

Аммо Ш.Эргашев шифохонада ётган вақтида Н.Иномова уни кўришга борган, ўша ерда шу масала юзасидан иккаласи гаплашиш­ган.

Суд судланувчи, даъвогар ҳамда гувоҳларнинг сўзларини тинглаб, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 454-, 457-, 460-, 463-, 465-, 468-, 471-, 473-моддаларини қўллаб, ҳукм чиқарди.

Судланувчи Ўзбекистон Рес­пуб­­ликаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «в» банди, 28-, 211-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилди. Ш.Эргашевга Ўзбекистон Респуб­ликаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «в» банди билан ЖКнинг 45-моддасини қўллаб, 1 йил муддатга мансабдорлик лавозимлари ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, иш ҳақининг йигирма фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Ш.Эргашевга ЖКнинг 28-, 211-моддаси 1-қисми билан энг кам ойлик иш ҳақининг эллик баравари миқдорида — 9 215 000 сўм жарима тайинланди.

Фарҳод ҒАНИЕВ, Жиноят ишлари бўйича Бувайда туман суди раиси,

Шарифа МАДРАҲИМОВА,

«Маърифат» мухбири

2 Izohlar

  1. Янгича яшашга, янгича ишлашга кўникиш қийин кечаяптими, дейман. Бўлди энди, кўникиш керак.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here