Деҳқонободлик ҳайдовчини сарсон қилган ЙПХ ходимидан моддий ва маънавий зарар ундирилиши белгиланди

2459

Бундан 3 йил аввал бошланган деҳқонободлик ҳайдовчи ва ЙПХ ходими ўртасидаги можаро жорий йилнинг 25 февраль куни ўз ниҳоясига етди.

Хўш, аслида нима бўлганди?

«Nasafnews» мухбирининг ёзишича, жорий йилнинг 25 февраль куни фуқаролик ишлари бўйича Бойсун тумани судининг очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди.

Судда Одилжон Бегматовнинг Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ инспектори Ботир Абдуллаевга нисбатан моддий ва маънавий зарар ундириш тўғрисидаги даъво аризаси кўриб чиқилди.

Маълум бўлишича, Деҳқонобод туманида истиқомат қилувчи Одилжон Бегматов 2017 йил 29 август куни соат 23:35 ларда онаси Ў.Бердиевага тегишли бўлган Кобалт русумли автомашинани Деҳқонобод-Денов йўналиши бўйича бошқариб бориб, тезликни оширгани айтилиб, ЙПХ инспектори Б. Абдуллаев томонидан  маъмурий баённома тузилган.

Шундан сўнг, ҳайдовчига Деҳқонобод туманидаги инспекторларнинг хулосаси билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-3-моддаси 3-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, 1 млн 425 минг сўм жарима жазоаси тайинланган.

О.Бегматовнинг мансабдор шахс устидан берган шикояти Деҳқонобод туман маъмурий судида кўрилиб, жарима жазоаси 149 минг 775 сўмга ўзгартирилган.

Воқеанинг якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси олий суди маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2019 йил 11 октабрь кунидаги қарори билан О. Бегматовнинг ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари борлиги аниқланмаган.
Бундай ҳолда ҳайдовчи О.Бегматов маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этмаган деб ҳисобланади

Ўрганиш ишлари давомида ЙПХ инспектори Б. Абдуллаев ғайриқонуний равишда баённома расмийлаштиргани, бунинг натижасида деҳқонободлик О.Бегматов сарсон бўлгани тасдиғини топди.

Суд қарорига кўра, ҳайдовчини 3 йил сарсон қилган ЙПХ собиқ инспекторидан( бу даврда инспектор нафақага чиққан) жами 3 млн 577 минг сўм моддий ва маънавий зарар ундирилиб берилиши белгиланди.


Мақсуд Музаффаров.

1 izoh

  1. Жуда аьло иш бупти 1 ойлик кутган пенсиясини олиб бировга бериш канакалигини энди хис килади.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here