Ғузор туманидаги марказий йўллар ёпиб қўйилгани айтилмоқда. Уйда қолинг!

455
«Nasafnews» ахборот порталига икки кундан бери Ғузор туманидаги фуқаролар томонидан мурожаат келиб тушмоқда.
Мурожаатга кўра, туман марказий кўчалари ёпилиб, автомобилларда ҳаракатланиш чекланибди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарори билан бир қатор чекловлар ўрнатилиб, муайян чоралар кўрилмоқда.
Хусусан, 2020 йил 30 март соат 06:00 дан 20 апрель соат 00:01 га қадар вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида Давлат хизматлари марказлари томонидан бериладиган махсус рухсатнома (стикер)лар асосида автотранспорт воситалари ҳаракатланишига рухсат берилади. Мазкур чекловлар фақат бир вилоятдан иккинчи вилоятга ўтишда, шунингдек Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларига тааллуқли. Бошқа шаҳар ва туманларда автотранспорт ҳайдашда бундай чекловлар ўрнатилмайди. Стикер олиш ҳам шарт бўлмайди.
Ғузорликларнинг асосий эътирози ҳам шу борада. Улар нега туман маркази йўл-патрул хизмати ходимлари томонидан ёпиб қўйилгани билан қизиқмоқда?
-Ҳеч ким ўйнаб кўчага чиқмайди ҳозир, зарур иши бор экан, ўз автомобилида, такси қилмасдан, гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда, ўз тумани ҳудудида ҳаракатланишига рухсат бериш керак, дейди ҳайдовчилардан бири.
-Зарур озиқ овқат ва дори дармон учун, бир ўзим гигиена қоидаларига амал қилган ҳолда чиқсам ҳам, ЙҲХБ ходимлари қайтариб юбормоқда ва эшитишмаяпти ҳам. Баъзи фуқаролар транспорт воситаларини ҳеч қандай изоҳсиз жарима майдонига тиқишмоқда.
Хўш, Ғузорда ўзи нима гап?
Йўллар ёпилиши борасида дастлаб туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Худойберди Юлдошев билан боғландик.
-Бу масалада туман ҳокимлиги томонидан ҳеч қандай топшириқ берилмаган. Расмий ҳужжат ҳам йўқ. Буни Ички ишлар бошқармасининг туман бўлимидан сўраш керак.
Қатнов тўхтатилганми деган саволимизга ахборот хизмати раҳбари қуйидагича жавоб берди:
– Расман қатнов тўхтатилгани йўқ. Лекин тирбандликни олдини олиш мақсадида қисман кўчаларимиз ёпилган бўлиши мумкин.
Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХ бошқармаси матбуот котиби Жавлон Бахтиев бу маълумотни уйдирма деб атади. Унинг айтишича олиб борилаётган профилактика ишларини айрим фуқаролар нотўғри талқин қилган.
– Йўл ёпгани йўқ, коронавирусни олдини олиш учун профилактика ишлари олиб бориляпти. Дезинфекция қилинмоқда. Яна бир жиҳатга ҳам эътибор қаратиш даркор, марказий кўчаларда дезинфекция ишлари олиб борилаётган вақтда йўллар қисман ёпилиши мумкин. Бу ҳаракат бутунлай чекланди дегани эмас, дезинфекциядан кейин яна ҳаракат давом этади.
«Nasafnews» мухбири мазкур масала юзасидан Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Ирода Расулова билан боғланди:
– Ҳар бир туманда назорат-карантин постлари ташкил қилинган. Кирувчи-чиқувчи автомобилларни дезинфекция қилинадиган жиҳоз ўрнатилган. Бу коронавирус касаллигини тарқалиб кетишини олдини олиш мақсадида йўлга қўйилган.
Туман марказларида йўловчи ташиш билан шуғулланувчи автомобилларга рухсат йўқ. Шахсий автомобилларда зарур бўлганда ҳаракатланиш мумкин. Унинг ҳам ўзини тартиби бор. Фуқароларимизга карантин қоидаларига амал қилишни ва уйда қолишларини сўраймиз.
Мазкур масалада туман прокурори Бекзод Суюнов ҳам ўз муносабатини билдирди.
-Айрим фуқароларнинг заруратсиз кўчага юриш ҳолатлари кузатилмоқда. Шу туфайли назорат тадбирлари ўтказилмоқда. Карантин қоидаларига амал қилмаган фуқаролар жаримага тортилмоқда.
Масала юзасидан мутасаддиларнинг фикри билан қизиқдик.Улар сизнинг саломатлигингиз учун қайғурмоқда. Шу туфайли сабабсиз кўчага чиқманг, уйда қолинг. Ваҳима қилишга эса ҳожат йўқ.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here