Яккабоғда фермернинг пишиб етилаётган ҳосили ноқонуний деб бузилди (видео)

1514
Шу йилнинг 21 май куни соат 10.30 лар атрофида Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Дархон МФЙ истиқомат қилувчи Муродулла Худойназаровнинг фермер хўжалигида тортишув ва муҳокамага сабаб бўладиган воқеа юз берган. Бу ҳақда ҳодиса гувоҳларидан бири “Xabar.uz”га маълум қилди.

Воқеа жараёнини тасвирга олган фуқаронинг маълум қилишича, 2019 йил сентябр ойида бўш ердан (тахминан 60 сотих) унумли фойдаланиш мақсадида фермер экин экади. 2020 йил 21 май куни тегишли идоралардан келган айрим мутасадди ходимлар ҳеч қандай ёзма огоҳлантиришсиз аҳоли истеъмолига зарур бўлган ва айни вақтда пишиб етилаётган ҳосил майдонини буздириб ташлашади ва ҳосил (пиёз) йўқ қилинади.

“Савол туғилади: айни тайёр истеъмолга зарур ҳосилни йўқ қилиб ташлашнинг кимга кераги бор? Ҳосилнинг бундай нобуд қилиниши қанчалик инсофдан?

Яна бир ҳолат: воқеа жараёнини тасвирга олаётган фуқарога нисбатан ҳақоратомуз сўзлар айтилиб, “агарда суратга олишни тўхтатмасанг қамаласан” дея дўқ-пўписалар бўлди. Уларнинг бу қилаётган ишлари қонунга мувофиқ бўлса, нима учун тасвирга олишга қаршилик қилишди?

Президентимиз Шавкат Мирзиёев фермер ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларга етарлича шароит бериш учун жон койитаётган бир вақтда бу каби ишлар қанчалик тўғри? Биз тегишли органлардан воқеа жойига келиб, бу бўлиб ўтган жараённи ўрганиб, ойдинлик киритишларини, хатолик кимдан ўтганлигини холисона аниқлаштиришларини ва тегишли чора кўришларини сўраб қоламиз. Яккабоғ тумани ҳокимиятидан бу воқеа бўйича аниқ изоҳ беришини кутамиз!” – дейилади мурожаатда.

Мазкур ҳолатга Яккабоғ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати муносабат билдирди.

Яккабоғ тумани ”Шарқ Юлдузи” муқобил МТП Дархон МФЙ ҳудудида фаолият кўрсатиб келаётган “Худойназаров Муродулла Бобомуродович” фермер хўжалиги туман ҳокимининг 2019 йил 24 январдаги Х-1872/01 сонли қарори асосида ташкил этилиб, 102,1 гектар ер майдони ажратиб берилган.
Шундан суғориладиган ер майдони 96,3 гектар бўлиб, жорий ҳосил йилида бошоқли дон етиштириш учун уруғ 50,0 гектар режа ўрнига 52 гектар жойга экилган. Пахтачилик бўйича 37,9 гектар майдонда чигит экиш режалаштирилган бўлиб, аммо 35,8 гектарига чигит қадалган, холос. Фермер томонидан белгиланган режага нисбатан 2,3 гектар жойга чигит экилмаганлиги аниқланган.
Бироқ, фермер ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда “Ер тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Кодекси талабларини бузган ҳолда 6,1 гектар майдонда беда ва 1,40 гектарига эса пиёз эккан. Фермернинг 1,0 гектар ер майдони самарасиз бўш турганлиги масъулиятсизликдан бошқа ҳеч нарса эмас.
Албатта, қонун ўзбошимчаликни кечирмайди. Туман Ер ресурслари ва Давлат кадастри бўлими, Қишлоқ хўжалиги бўлими, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман Кенгаши тегишли идоралар ходимларидан иборат вакиллар ва фермер хўжалиги раиси иштирокида тузилган далолатнома асосида ноқонуний экилган экинлар бузилиб, ўрнига шартнома режасида кўрсатилган экинлар экилиши белгиланиб олинди” , – дейилади ҳокимлик муносабатида.

Мавзуга доир: Яккабоғда фермер ишчиси аёллар устига керосин сепиб, ёқиб юборишга уринди(Видео)

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here