Карантинда тўй қилган шифокорлар ҳақида ёзган матбуот котиб ишдан бўшатилди. Муборак ҳокимлигига 1 йил ичида учинчи матбуот котиб тайинланди

683

2019 йил 27 июнда “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинганди. Қарорда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш белгилаб берилган. Қарор қабул қилингандан сўнг, Қашқадарё вилоятининг барча туман ва шаҳар ҳокимликларида ахборот хизматлари ташкил қилинди.

Ўтган бир йил ичида Муборак тумани ҳокимлигига  3 нафар матбуот котиби тайинланди. Учинчи матбуот котиб сифатида Уза сайтининг вилоятдаги мухбири Ўлмас Баратов иш бошлади.

Шу кунгача мазкур лавозимда Зафар Жўраев фаолият юритиб келаётганди.
З. Жўраев ўз аризасига кўра ишдан бўшаганини маълум қилди. Аммо собиқ котиб ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзишга мажбур бўлганини ҳам айтади.

Собиқ матбуот котиб З. Жўраевни карантин даврида шифокорлар тўй ўтказгани ҳақида ёлғон ахборот тарқатганликда  айблашганди. Ҳаттоки матбуот котиби уни тергов қилиб, таҳдидлар бўлгани ҳақида ҳам маълум қилганди.
Орадан вақт ўтиб, Зафар Жўраев эълон қилган хабар ўз исботини топди.
Мубораклик шифокорлар карантин даврида тўй ўтказгани тасдиқланди.

Муборак туманининг собиқ ҳокими Ғайрат Жовлиевнинг ишдан бўшашига айнан шу воқеа сабаб бўлгани ҳақида маълумотлар тарқалганди. Бироқ бу хабарлар вилоят ҳокимлиги томонидан тасдиқланмади.

Қисқа давр ичида Муборак ҳокимлигига 3 нафар котиб тайинланди. Улар Дилшод Сафаров, Зафар Жўраев ва айни пайтда ушбу лавозимда иш бошлаган Ўлмас Баратов.
Айтиш жоиз, ҳокимликнинг телеграм ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифаси ҳам 3 марта алмашди.

Одатда Тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари – туман ҳокимининг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчисининг  муаммони очиқ айтиши ва эълон қилиши яхши қабул қилинмайди. Балки З.Жўраевнинг ҳам ишдан бўшатилишига шу омил сабаб бўлгандир. Буёғи бизга қоронғу.

Мавзуга доир: Мубораклик шифокорларнинг карантинда тўй қилгани ўз исботини топди

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here