Қашқадарёда сохта ДХХ ходими 7 йилга озодликдан маҳрум қилинди

751

Қашқадарё вилояти Китоб туманида яшовчи Ф.Фурқатов (исм шарифи ўзгартирилган) ёшлигида мактабда аъло баҳоларга ўқиб, Давлат хавфсизлик хизмати ходими бўлишни орзу қилган. Мактабни тугатиб, олийгоҳга киролмай, орзусига етолмаган Фахриддин қинғир йўлни танлайди. У ҳарбий кийим ва сохта гувоҳнома тайёрлаб олиб ўзини “ДХХ ходимиман” деб фирибгарлик йўлига ўтади. Ўз режасини амалга ошириш учун Шаҳрисабз шаҳрида уйни ижарага олиб, хонадон эгасига ДХХда ишлашлигини айтиб, улар ишончига шу йўл орқали осонгина киради.

Содда, ишонувчан фуқароларни тез ўзига оғдириб олади. Акасининг Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикалари чегарасини қўриқлаш вақтида отишмада яраланганлиги, шунинг учун отаси ундан пул сўраганлиги ҳақида айтиб, ёлғонига ишонтиради. Б.Давидоват (исм шарифи ўзгартирилган)дан ойлик маоши келгунига қадар 9.428.150 сўмга тенг бўлган 1000 АҚШ доллар миқдоридаги пулларини қайтариб бериш шарти билан олиб, қайтариб бермайди.

Ови бароридан келганидан қувониб, жиноий қилмишларини такроран давом эттиришни бошлайди. Шаҳрисабз шаҳри, Китоб ва Нишон туманларида яшовчи бир неча жабрланувчиларни ҳар хил фирибларни ўйлаб топиб, алдаб пулларини ўмаришда давом этган.

Халқимизда тарбиячини ўзи тарбияланган бўлиши керак деган нақл бор. Фахриддинни шу аҳволга тушишида албатта унинг ота- онаси,таълим – тарбия берган устозлари, маҳалла, ён атрофдагилари айбдор эмасми?

24 ёшли Ф.Фурқатов суд мажлисида, ДХХ ходими бўлишни орзу қилгани, адашиб жиноят йўлига кирганини, қилмишидан пушаймонлиги, жабрланувчилардан олган пулларини қайтариб бериши ҳақида баён қилган.

Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар судида ушбу ҳолат кўриб чиқилиб, жабрланувчиларга етказилган зарар қопланмаганлиги ва уларнинг даъвоси борлиги инобатга олиниб, Ф. Фурқатовга 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Лазиза Расулова, Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар суди раиси

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here