Зоир Мирзаев Қашқадарёда ишни қандай бошлади? – Блогерлар фикри

2281

Тўғри, ижтимоий тармоқларда Зоир Мирзаев Қашқадарё вилоятига ҳоким этиб тайинлангандан сўнг, ҳар хил ҳазиломуз челлендж оммалашди. Лекин биз бугун у танқидлар ҳақида эмас, балки Қашқадарёда фаолият олиб бораётган айрим блогерларнинг фикрларини келтириб ўтмоқчимиз:

Отабек Артиков, блогер:
-Эрталаб ишга келаётиб маҳаллада вилоятимизнинг янги ҳокими Зоир Тоировични муаммоларни ўрганиб юрганликларига тасодифан гувоҳ бўлдим, ва тушиб яқинроқ бордим, саломлашдик тармоқларда тасвирлангандек ваҳимали одам эмас, шунчаки оддийгина муомиласи жойида бўлган киши экан, фуқаролар бориб бемалол муаммосини айта оляпти, аввалги  ”СОХТА” сайёр қабулларига ўрганиб қолганимиз учун бу ҳолат менда ижобий таассурот қолдирди, бу ЗОИР ТОИРОВИЧга пахта қўйиш ёки бошқа нарса эмас, муаммолар эшитиляпти бу яхши, агар эшитилган муаммолар ҳақиқатда ечимини топса, унда бу аъло бўлади, нима бўлганда ҳам яхши натижаларга умид қиламиз…Блогерлар фақат негатив фикрлар ёзади деб ўйлайдиганлар, агар амалдор яхши бўлса биз ҳам ижобий фикрлар ёзамиз, ишонаманки янги ҳокимимиз охиригача менда қолдирган таассуротларидагидек халқпарвар бўлиб қоладилар, кузатамиз…

Дилшод Набиев, мухбир, блогер:
-Аслида Зафар Рўзиевнинг вилоятимиз учун қилган яхшиликларини барчамиз яхши биламиз. Лекин раҳбарият тизимида янгиланиш тез-тез бўлиб туради. Буни тўғри қабул қилиш керак. Зоир Мирзаевни танимайман, аммо сўнгги икки кун ичида у билан мулоқотда бўлган одамлардан илиқ фикрлар эшитдим. Муҳими муаммонинг ечимини топишдаги ёндашуви менга ёқди. Балки бу қараш Қашқадарёда йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этишда катта аҳамиятга эга бўлар, яна ҳам билмадим. Муҳими халқимизнинг янги ҳокимдан умиди катта эканини мухбир сифатида сезиб турибман.

Аҳрор Содиқов, блогер:
-Ижтимоий тармоқларда жиддий муҳокамаларга сабаб бўлган инсонни вилоятимизга ҳоким бўлиб келишини ўзларича талқин қилаётганлар хато қилишади. Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи сифатида иш бошлаган З.Мирзаевнинг иш услубидаги айрим жиҳатлар вилоят ҳокимлиги масъул ходимлари билан учрашувда эътиборимни тортди.
Жумладан, “Халқ дардини ўйламаган ҳокимлик ходимига орамизда жой йўқ”. Қайсидир маънода бу гап қўполдек туйилиши мумкин. Аммо, бу гапнинг ортида халқнинг муаммо ва ташвишлари ётибди.
“Бугунги давр одамлари жуда ёлғончи бўлиб кетди, мурожаатларини 50 фоизи ёлғон”, дейишдан олдин унинг мурожаатини тинглаб, қалбига қулоқ солсанг асл муаммо ва мурожаатларнинг келиб чиқиш ўзимизнинг масъулиятсизлигимиздан эканлигини тез англаб оласан.
Бундан хулоса қилиш мумкин-ки, Юртбошимиз томонларидан билдирилган ишонч халқни рози қилиш билан оқланади. “Мен бирор марта хато қилмаганман”, “Мен гуноҳсизман” дейдиган инсон бу дунёда йўқ. Демак, барчамиз хато ва гуноҳ қилиш бобида тенгмиз. Иғво қилиш, бирор бир шахсга нисбатан турли хил карикатуралар тарқатиш ҳам гуноҳ эканлигини наҳотки билмаймиз? Блогер ва балогирни фарқини англаб олиш вақти келди, чоғи.

Умид Каримов, блогер:
-Таълим муассасалари атрофида энергетик ичимликлар сотилишини назоратга олишни бошлабди. Қўшимчасига тамаки маҳсулотларни ҳам сотиш назоратга олинса яхши бўларди.

Эслатиб ўтамиз, Зоир Мирзаев иккинчи иш кунини бугун эрта тонгдан Қарши шаҳридаги маҳалаларни ўрганишдан бошлади.Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи З.Мирзаев Қарши шаҳридаги кўп қаватли уйларни совуқ кунларда иситиш тизими қандай йўлга қуйилганлиги ҳолатини ўрганди.Шунингдек, Қарши шаҳридаги таълим муассасалари атрофидаги савдо дўконларида муддати ўтган маҳсулотлар сотилаётганини аниқлади ва шаҳардаги кўп қаватли уйларнинг шарт-шароитлари билан танишиб чиқди.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here