Қарши шаҳрида қурилган кўпқаватли уйнинг икки йилга бормай «сир»и очилди. Хонадон эгалари муаммолар гирдобида қолмоқда (видео)

1065

Қарши шаҳридаги “Буюк турон” кўчасида жойлашган 19- кўпқаватли турар-жойда истиқомат қилувчи фуқаролар 2019-йилнинг феврал ойдан бери ҳокимият эшигида сарсон. Қарши шаҳар ҳокимининг ўринбосари У.Авазовга муаммоларини айтиб ҳар қанча мурожаат қилишмасин, афсуски, мутасадди бу муаммоларни ечиб беришга ожизлик қилаяпти.
“Nasafnews” мухбири билан боғланган хонадан эгалари ичимлик сувидаги қувур тешилганлиги ва бунинг оқибатида кўпқаватли турар-жойнинг атрофи кўлмакка айланиб қолаётганлигидан шикоят қилишмоқда.

Mavluda BOBOTOVA
Mavluda BOBOTOVA

-Аслида бизда ичимлик сувининг ўзи йўқ, ҳафталаб хонадонларга сув келмайди. Келса-ку, ҳамма жой сувга тўлади. Қувурлар сифатсиз дейди,- 68-хонадон эгаси Мавлуда Боботова. Яқинда асосий қувур тешилиб кетиб, ҳамма жой кўлмак бўлиб қолди. Кейин ўзимиз ташаббус кўрсатиб, қувур ўтган жойни ковлаб очдик ва таъмирлаб яна қайтадан ғишт қўйиб, бетонлаб ёпдик. Барибир сув ертўлага тушиб кетяпти.
8-хонадонда яшовчи Гулмира Турсунованинг маълум қилишича, уйлар 10 йилга кредитга олинган. 2 хоналик уй учун 184 млн сўм, 3 хоналик уйлар учун 200 млн сўмгача кредит тўлаш шарти қўйилган.

Gulmira TURSUNOVA
Gulmira TURSUNOVA

-Ҳар ой 3 млн 200 минг сўм кредитни тўлаймиз,- дейди Гулмира Турсунова. 2017-йил кўчиб кирган эдик, икки йўл бўлди-ки, сув йўқ. Бор сувнинг ҳам қувури катта линияга уланмаган экан. Оқибатда эски ўтган қувурлардан сув тошиб ертўлагача кириб кетяпти.
Маълум бўлишича, мазкур турар жой мажмуасини “Модерн-макс” МЧЖ қурилиш фирмаси қурган бўлиб, фирма масъули Шерали Кўчимов уйлар ҳокимиятга топширилган деган важни илгари суриб келмоқда экан.

Аҳолининг сўзларига кўра, Шерали Кўчимовга мурожаат этишнинг фойдаси йўқ.(Биз ҳам муаммо юзасидан қурувчига боғланишга ҳаракат қилдик, аммо бунинг имкони бўлмади) У фуқароларга «ҳақ-ҳуқуқингизни ҳокимиятдан бориб талаб қилинг» деган шартни қўйган.

Dilsabo ERGASHEVA
Dilsabo ERGASHEVA

-Ёш болаларимизни кўчага олиб чиқолмаймиз,- дейди кўпқаватли турар-жойнинг 58-хонадонида истиқомат қилувчи Дилcабо Эргашева. Ҳамма жойдан бадбуй ҳид келади. Бундан ташқари чиқиндихона қурилмаганли туфайли чиқиндилар ҳар жойга сочилиб ётади. Тозалаб чиқамиз, барибир чиқиндихона бўлмагандан кейин 80 та хўжаликнинг уйидан чиққан чиқинди 2 та контейнерга сиғармиди?
Биз чиқиндига ҳам, сувга ҳам ҳаммасига уйни сотиб олиш вақтида пул тўлаганмиз. Лекин кўриб турганингиздек, на сув бор, на чиқиндихона. Уй-жойлар атрофида ўриндиқлар ҳам ўрнатилмаган. Болалар майдончаси қурилмаган.
Собиқ шаҳар ҳокими Жамшид Фозилов аҳоли билан апрел ойида мулоқот қилиб сентябргача канализация тизимидаги муаммолар ҳал бўлишига ваъда берган. Қиш фасли эшик қоқяпти, ҳали муаммоларга ечим топилмагани кишини таажублантиради. Ҳоким мазкур масалани ҳал этишни ўринбосари У.Авазов ва қурилиш фирмаси масъули Шерали Кўчимовга топширган. Бироқ кўриб турганингиздек, мутасаддилар шу пайтгача сукут сақлаб келмоқда.
Мазкур турар жойда 88 та хонадон мавжуд бўлиб, айрим уйларнинг том қисмидан чакки ўтганининг ҳам гувоҳи бўлдик. Энг ачинарлиси бу фуқароларга жиддий зарар етказмоқда.

Nargiza XASANOVA
Nargiza XASANOVA

-Муаммоларни айтай десак, бизда ширкатнинг ўзи йўқ,-дейди 66-хонадонда истиқомат қилувчи Наргиза Хасанова. Чунки ҳали кўпқаватли бу турар-жой ширкат ҳисобига киритилмаган.

Фуқароларнинг эътирозларини тинглаб туриб, уларни қийнаётган муаммолар кўламига эътибор қаратсак, бу эътирозларнинг барчаси ўринли. Чунки уй-жойларни қуриб берувчи қурилиш фирмаси меҳнатига яраша иш ҳақини олган. Бироқ ишига виждонан ёндошмагани натижасида бунинг жабрини одамлар кўряпти.
“Nasafnews” мақолада тилда олинган муаммолар юзасидан тегишли мутасаддилардан тайинли изоҳ кутади.
Мавзу юзасидан тайёрланган видеони қуйдаги манзилда кўринг ⇓

 

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here