«Деҳқонободда бундай бозор борлиги биз қашқадарёликлар учун уят» Зойир Мирзаев Деҳқонободдаги бозорни танқид қилди

634

Қашқадарё ҳокими Зойир Мирзаев бугун – 31 декабрь Янги йил куни «Дарё» интернет нашрида тилга олинган бозор муаммосини воқеа жойига бориб ўрганди ва муаммога ечим топди.Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Зойир Мирзаев Деҳқонободдаги ҳар иккала бозор фаолияти билан ҳам танишиб, бозорлар аҳволини танқид қилди. Бозорлар шаротини талабга жавоб бермаслигини айтди.

– 10 йилдан ортиқ вақт давомида бозорга эгалик қилган тадбиркор бирор бир иш қилмаган, – деди Зойир Мирзаев «Турсунхон Бибизулайҳо деҳқон озиқ-овқат бозори» фаолияти билан танишар экан. – На савдогарларга ва на харидорларга шароит яратган. Бозорни ўз ҳолича ташлаб қўйиб, хароба ҳолга келтирган.

Вилоят ҳокими бозор ичкариси ва мол бозор аҳволини кўздан кечирар экан бундай бозор бугунги Қашқадарё учун уятли ҳолат эканлигини таъкидлади.

– Мол бозор ва озиқ-овқат бозори бир-бирига яқин жойлашиши мумкин эмас, уларнинг орасида камида 150 метр масофа бўлиши керак, – деди вилоят ҳокими.

Вилоят ҳокими «Бойқўрғон беклиги деҳқон озиқ-овқат бозори» фаолиятидан ҳам қониқмади.

– Бу бозор ҳам талабга жавоб бермайди, бозор қурилиши якунланмаган, – деган Зойир Мирзаев «Бойқўрғон беклиги деҳқон озиқ-овқат бозори» аҳволини ўрганар чоғи.

Қашқадарё ҳокими қишлоқ оқсоқоллари фикрини эшитгач ҳар иккала бозор фаолиятини ҳам тўхтатиб, «Турсунхон Бибизулайҳо деҳқон озиқ-овқат бозори» ўрнидан янги бозор қуриш таклифини илгари сурган.

– Бозор учун янги жой қурилади, қурилиш учун барча қурилиш материалларини биз берамиз, – деди Зойир Мирзаев. – Бозорни эса қишлоқ оқсоқоллари ҳашар йўли билан қуради. Ўзлари ваъда беришди. Янги бозор қурилиши тугагач эса, бозорқўмликка 5 нафар номзод қўямиз ва ишни эплайдиган тадбиркорга берамиз.

Айтилишича, янги бозор қурилиши битгунга қадар ҳар душанба куни бўладиган бозор «Бойқўрғон беклиги деҳқон озиқ-овқат бозори»да давом этади.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here