Қашқадарёнинг тажрибали сухандони Насиба Бўриева: радио тарихи, юлдузлик касалига чалинганлар ва рақобатчи радио ҳақида гапирди

269
«Қаршидан гапирамиз!
Ҳаво мавжларида вилоят янгиликлари…»
Сизу бизга таниш бу сўзлар бугун Қашқадарё радиосининг олтин фондига айланган.
Шу сабабли Насиба Бўриеванинг ўқиб эшиттирган ахбороти кўпчиликнинг диққат эътиборини тортади.
Қашқадарёда радио борки, Насиба Бўриева бор. Унинг ҳаётий тажрибаси кўпчилик ёшларга катта мактаб.
Бугун 13 февралъ Бутунжаҳон радио куни муносабати билан
“Nasafnews” мухбири Қашқадарё вилоятида айни пайтда ягона эфир узатаётган “Олтин воҳа” радиоси сухандони Насиба Бўриева билан суҳбатлашди.
Биринчи саволимиз радио соҳаси ва сухандоннинг ахборот дастурларига муносабати ҳақида бўлди:
-Ахборот ўқиш энг қийин жанр ҳисобланади,- дейди Насиба Бўриева.
Сухандондан катта масъулият талаб қилиши билан бирга, ахборотни фақатгина суҳандон ўқиши керак. Ҳеч ким у даражасида хабарни тингловчига етказиб бера олмайди деб ҳисоблайман. Сухандонлик ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди.
Вилоятимизда тингловчига қайси сухандон ахборотни яхши етказиб бера олади деб ҳисоблайсиз?
-Эркак бошловчилардан Зокир Аҳмедов ва Фарҳод Маҳмудхон ахборотни яхши ўқийди, менга уларнинг овози ёқади. Сухандон сифатида уларни алоҳида эътироф эта оламан.
Насиба Бўриеванинг рақобатчиси борми?
-Ҳеч кимни ўзимга рақобатчи деб ҳисобламайман.
Радиода соҳасида фаолият олиб боришингизга нима сабаб бўлган? “Олтин воҳа” радиосининг шаклланиш жараёни қандай?
-Соҳага кириб келганимда 42 йил бўлди. Босиб ўтган йўлимга назар солар эканман, жуда кўп нарсаларни ўргандим. Ҳаммаси кечагидек ёдимда. Мен ишлашни бошлаган вақтларимда вилоят радиоэшиттириш қўмитаси ташкил қилинган эди. Бу қўмита эски шаҳардаги масжидда жойлашган эди. Шундан кейин 1981 йилда радио уйи ҳозирги Телемарказ ҳовлисида қуриб битказилди. Очилиш маросимида Шароф Рашидов иштирок этиб, радиочиларни янги бино билан табриклади.
Ўша вақтлари монтаж ишлари қўлда (клей) билан бажариларди. Лента магнитафонда айланарди. Кейинроқ Москвадан янги такомиллаштирилган радио аппаратуралар олиб келинди. Ҳозир эса ҳаммаси компьютерда бажарилади.
Икки даврни солиштириш имконияти сизда бор?
-1981 йилда ахборотга битта сўз, ҳарф қўшиш мумкин эмас эди. Агар мен ўзимдан келин чиқиб бирор сўз қўшиб дастурни ўқисам, муҳаррир олдимга келарди ва сабабини сўрар эди. Мустақилликдан кейин сўз эркинлиги бир мунча юзага чиқди. Радио ҳам эркин фаолият бошлади.
Сиз билган “Олтин воҳа” радиоси бошловчилари этика ва эстетикага қанчалик риоя қилаяпти?
-Радиоларда ҳар хил ўйин ва лойиҳалар оммалашди. Мен асосан ахборот, радиожурнал ва радиокомпазицияларни ўқийман. Лекин мен ўзимни бу лойиҳаларда кўрмадим. Чунки йўналишим бошқа.
Энди этика ва эстетика масаласига келадиган бўлсак, афсуски эфир маданиятига амал қилмайдиганларни ҳам учратдик. Эфирдан олиб ташланганларни, ҳайдаб юборилганларни ҳам кўрдим. Эфир муқаддас, уни ҳурмат қилмас экансиз, бу соҳада узоққа бормайсиз.
2014- йилда ҳаво мавжларида яна бир тўлқин пайдо бўлди. “Насаф Фм” радиоси фаолияти йўлга қўйилган эди. Бу ўз-ўзидан “Олтин воҳа” радиосига яна бир рақобатчи пайдо бўлди дегани. Ҳар қалай энди одамларда танлаш имкони бор эди.
Сиз “Насаф Фм” радиоси фаолиятини қандай баҳолайсиз?
– Мен бир нарсани айта оламан, “Олтин воҳа” радиосида тажрибали муҳаррирлар, сухандонлар бор.
Шу гапимдан энди хулоса қилаверинг.
Лекин бу дегани мен “Насаф Фм” радиосини тингламадим, кузатмадим дегани эмас. Мен бу радиони эшитганман ва мухлислари ҳам борлигини биламан.
Радиода энг бахтли кунингиз қандай ўтган?
– Мени ҳар доим ахборот ўқиш учун студияга кирганим, ҳар бир дастурни олиб борганимнинг ҳаммаси бахтли куним. Жонли эфир бўладими ёки бошқами микрафон олдига келдимми ўзимда катта масъулиятни ҳис қиламан. Ва ҳамма ташвиш ва муаммоларимни унутиб, дунёдаги энг бахтли инсонга айланаман.
Бугунги кун сухандонига қандай баҳо берасиз?
– Биласизми у Телеканалда сухандон бўладими ёки радиода касбига нисбатан муҳаббати бўлиши керак.
Юлдузлик касалиги ҳеч қачон чалинмаслиги лозим. Афсуски бугунги куннинг айрим суҳандонлари ҳақида ижобий фикр билдиролмайман.Чунки бошловчиман деб келади, эфирга чиқади ва бирдан ўзини юлдуз санай бошлайди. Менда бу хислат йўқ, чунки ҳозир ҳам ўзимдан тажрибаси катта сухандонлардан ўрганаман, савол бераман.
Дилшод Набиев ёзиб олди.
Суҳбатдош ихтиёрига кўра, унинг суратлари мақолага илова қилинмади

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here