Ўзбекистонда коронавируcдан вафот этган 39 ёшли эркак ҳақида маълумот берилди

9510

Бугун 39 ёшли 1 нафар эркак беморда ўлим ҳолати қайд этилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу ҳолат юзасидан атрофлича изоҳ берди.

Вафот этган бу бемор Франциядан юртимизга биринчи касалликни олиб келган бемор билан мулоқотда бўлган.
У ўз касаллигини дастлаб билган бўлса-да, ўзи врач бўла туриб, юртимизда олиб борилаётган шунча тарғибот ишларига қарамай, шифокорларга мурожаат этмай, уйида яширинча ўзича даволанишга урингани маълум бўлган.
У касалликнинг оғир даври бошлангандан сўнггина 26 март куни Тошкент шаҳридаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасига тез ёрдам хизмати орқали ётқизилган.
27 март куни эса Вирусология илмий текшириш институтига ўтказилган.
Шу ўринда барчани ташвишга соладиган бир жиҳат бор: бу бемор уйида бўлган пайтда қанча одамлар у билан мулоқот қилган, мулоқотда бўлиб касалликни юқтириб олганлар ўз навбатида яна қанча инсонларга тарқатган. Наҳотки, киши ўз соғлиғи ва яқинлари хавфсизлиги учун шунчалик совуққон, бефарқ, худбин бўлса. Ахир бу ўз ота-онасига, фарзандлари, неваралари, қўни-қўшнилари, қариндош-уруғлари, халқи, умуман Ватанига хиёнат эмасми?

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here